Рейтинг янгиланди: Ўзбекистон паспортининг кучи сезиларли пасайди
Бу қизиқ
−
19:56 6535 2 дақиқа
Ўзбекистон Henley & Partners халқаро консалтинг компанияси томонидан тузиладиган дунё паспортлари рейтингида 106 та давлат орасида 82-ўринни эгаллади. Бу ҳақда компания томонидан эълон қилинган янгиланган рейтингда келтирилган.
Жорий йилнинг апрель ойида Ўзбекистон ушбу рейтингнинг 73-ўринда эди. Шу тариқа, мамлакатнинг рейтингдаги позицияси тўққиз поғонага пасайди. 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон 79-ўринда жойлашганди.
Рейтингнинг амалдаги натижаларига кўра, Ўзбекистон Буркина-Фасо ва Того билан бир қаторда 82-ўринни эгаллаб турибди. Ўзбекистон фуқаролари 57 та давлатга визасиз ёки етиб боргач виза расмийлаштириш орқали кириши мумкин.
Марказий Осиё мамлакатлари орасида Қозоғистон етакчи бўлиб, у 66-ўриндан жой олган. Қирғизистон эса 81-поғонадан ўрин эгаллаган. Тожикистонга 87-, Туркманистонга эса 93-ўрин берилган.
Рейтингда биринчи ўринни Сингапур эгаллади. Ушбу мамлакат фуқаролари 193 та мамлакат ва ҳудудга визасиз саёҳат қилиш имкониятига эга. Афғонистон эса рейтингни якунлаб бермоқда – ушбу мамлакат паспорти эгалари 22 та давлатга визасиз ташриф буюриши мумкин.

Маълумот учун, Henley Passport Index – мамлакатлар паспортларининг халқаро саёҳатлар учун яратадиган имкониятларини, шу жумладан визасиз кириш мумкин бўлган йўналишлар сонини ҳисобга олган ҳолда тузилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Global Firepower 2026 йил учун дунёнинг энг кучли армиялари рейтингини эълон қилганди. Ундаги 145 та мамлакат ичида Ўзбекистон 53-ўринда қайд этилди.
Live
Барчаси