Омбудсман Товоқсойдаги колонияда маҳкумнинг ўлими бўйича қўшимча ахборот берди
3-саҳифа
−
18 Февраль 11301 2 дақиқа
Аввалроқ, Товоқсойдаги 7-сонли жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаётган маҳкум Мустафо Турсинбоев бир қаватли бинонинг деворларини бузаётган вақтида девор қисми қулаб, босиб қолиши оқибатида вафот этгани хабар қилинганди. Омбудсман ушбу ҳолатни ўз назорати остига олганини билдирди.
Маълум қилинишича, 11 февраль куни тахминан соат 16:10 да маҳкум М.Т. колония ҳудудидаги эски ошхона биносида ободонлаштириш ишларига жалб этилган. Деворни бузиш жараёнида эҳтиётсизлик сабабли унинг бир қисми маҳкум устига қулаган, оқибатда у оғир тан жароҳати олган.
“Колония шифокорлари маҳкумга зудлик билан биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиб, уни Бўстонлиқ туман тиббиёт бирлашмасининг “Қўшма жароҳатлар ва ўткир қон-томир касалликлари” марказига олиб боришган. Маҳкумга кўп сонли травма, бош мия ёпиқ жароҳати, кўкрак қафаси ёпиқ жароҳати, травматик шок III-босқич, геморрагик шок III-босқич, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги ташхиси қўйилган”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, шифохонада маҳкумга жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Шифохонада кўрсатилган муолажаларга қарамасдан маҳкум 16 февраль куни соат 17:00 да вафот этган.
Ушбу ҳолат Омбудсман Девони ходимлари ва Тошкент вилоятидаги минтақавий вакили томонидан жойига чиқиб ўрганилган. Шунингдек, Омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакили марҳумнинг оила аъзолари билан учрашиб, уларга таъзия билдирган. Марҳумнинг отаси Бўстонлиқ туман тиббиёт бирлашмасида 5 кун давомида ўғлининг ёнида бўлган.
Бош прокуратура маълумотига кўра, мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда Тошкент махсус прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ходимлар хатти-ҳаракатига баҳо бериш бўйича хизмат текшируви ҳам тайинланган.
“Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига мурожаат юборилди. Омбудсман мазкур ҳолатни ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўрганиш таъминланишини сўрайди”, дейилади Омбудсман баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, 15 февраль куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жазони ижро этиш департаментининг Олмалиқдаги 14-сонли колониясидан 21 яшар маҳкум Муҳаммадқодир Пўлатовнинг жасади чиққанди. Мазкур ҳолат юзасидан Омбудсман томонидан Бош прокуратурага мурожаат юборилди.
Live
БарчасиНавоийда Қорбоболар паради ўтказилди
25 Декабрь
Мария Захарова 50 ёшга тўлди
25 Декабрь