Референдум: Қирғизистон фуқаролари президентлик бошқарувини маъқулламоқда

Олам

image

Аввал хабар берганимиздек, Қирғизистонда маҳаллий ҳокимият органларига сайловлар ва Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум бошланган эди. Қирғизистоннинг янги Конституцияси лойиҳаси 79 фоиз сайловчилар томонидан қўллаб-қувватланди. Бу ҳақда “МИР 24” хабар бермоқда.

Қирғизистон фуқароларининг деярли 80 фоизи янги Конституцияни қўллаб-қувватлаган. Буни Республика Марказий сайлов комиссиясининг дастлабки маълумотлари тасдиқлайди. Бу шуни англатадики, овоз берганларнинг аксарият қисми президентлик бошқарув шакли тарафдоридир. Қайд этилишича, кеча, 11 апрель куни бўлиб ўтган референдумни ҳақиқий деб ҳисоблаш мумкин, чунки унда қатнашганлар сони сайловчиларнинг 37 фоизидан ошган.

“Умид қиламанки, бу сайлов мамлакатдаги сиёсий вазиятни барқарорлаштиришда бошланғич нуқта бўлади. Яна бир бор сайловчиларга миннатдорчилик билдираман”, дейди Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Улугбек Кармишаков.

Қоидабузарликларга келсак, Марказий сайлов комиссиясига 50 га яқин шикоят келиб тушган. Уларнинг деярли барчаси референдумларга эмас, маҳаллий сайловларга тааллуқлидир. Шикоятлар овозларни сотиб олиш, маъмурий ресурслардан фойдаланиш ва бошқалардан иборат эди. Уларнинг айримлари учун жиноят ишлари очилган.

“Ҳар бир иш алоҳида кўриб чиқилади. Айбдорлар аниқланади. Улар сайлов комиссияси аъзолари ёки кузатувчилар бўладими, аҳамияти йўқ. Қонунбузарликка қараб сайлов ёки Жиноят кодексига мувофиқ чоралар кўрилади”, дейди Қирғизистон МСК раиси ўринбосари Абдижапар Бекматов.

Бугун, 12 апрель куни халқаро кузатувчилар сайлов жараёни ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди. Уларнинг деярли барчаси овоз беришга тайёргарлик кўриш ва сайлов жараёнидан мамнун эканликларини қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистонда 2020 йилнинг 4 октябрь куни ўтказилган парламент сайловларидан кейин, 7 фоизлик минимум овозни тўплай олмаган партия тарафдорлари норозилик намойишларини бошлади. Бир неча кун давом этган намойиш ва тартибсизликлар ортидан Бош вазир Кубатбек Боронов ва унинг Ҳукумати истеъфога чиқди. Намойишчилар давлат идораларини эгаллаб олди. 

Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди.

Ўша вақтдаги Президент Сооронбай Жээнбеков Бишкекда фавқулодда ҳолат жорий қилди ва пойтахтга ҳарбийлар киритилди. Бунинг натижасида вазият бироз тинчиди. Аммо намойишчилар Президентдан истеъфога чиқишини талаб қилди. Натижада 15 октябрда Жээнбеков халқига қарата ўқ узиб, қон тўкмаслик учун истеъфо берди.

Унинг вазифасини вақтинча бажариши керак бўлган парламент спикери Канат Исаев бундан бош тортди. Натижада давлат раҳбари ваколати намойишлар ортидан Бош вазир бўлган Садир Жапаровга ўтди. 

Садир Жапаров Қирғизистонда жорий йилнинг 10 январь куни муддатидан олдин ўтказилган президентлик сайловида ғалаба қозонди. У 28 январь куни қасамёд келтириб, расман Президент лавозимида иш бошлади.

 

Бокирхон Қосимхонов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

20

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг