“Реал” ПСЖ футболчиси учун 100 миллион евро таклиф тайёрламоқда
Спорт
−
14:01 842 1 дақиқа
Испаниянинг “Реал Мадрид” жамоаси Франциянинг ПСЖ клубида тўп сураётган 20 ёшли Дезире Дуэ трансфери учун 100 миллион евро сарфлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Fichajes” хабар берди.
Нашр маълумотига кўра, Париж клубида бош мураббий Луис Энрике ҳамда ҳужумчи Усмон Дембеле ўртасидаги ички зиддиятлар клуб ичида беқарор муҳит юзага келтирган.
“Реал Мадрид” эса вазиятдан фойдаланишга умид қилмоқда. Дуэнинг истеъдоди Ламин Ямаль билан қиёсланмоқда. Унинг тезлиги ва зарбаларни аниқ якунлаш қобилияти уни “қироллик клуби” учун стратегик устувор трансфер мақсадига айлантирган.
Клуб президенти Флорентино Перес трансферни бошқа Европа гигантлари курашга қўшилишидан аввал якунлашни истамоқда. Мадрид клуби ушбу битимни ортиқча харажат эмас, балки келажак учун инвестиция сифатида баҳоламоқда.
Маълумот учун, Дуэ “Ренн” академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. У 2024 йил ёзида 50 миллион евро эвазига ПСЖ сафига қўшилган. Жорий мавсумда футболчи парижликлар сафида барча мусобақаларда 23 та ўйинда майдонга тушиб, 8 та гол ва 5 та голли узатма муаллифига айланган.