“Реал Мадрид” футболчиси жиддий жароҳат олди
Спорт
−
09 Декабрь 1164 1 дақиқа
Мадриднинг “Реал” клуби марказий ҳимоячиси Эдер Милитаонинг сон суяги ёрилиб кетди. Шу сабабли футболчи жамоасига навбатдаги учрашувларини ўтказиб юборади. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
“Текширувлардан сўнг Милитаога чап оёғининг икки бош суяги мушагининг ёрилиши, проксимал пайлар шикастланиши ташхиси қўйилди. Футболчининг соғайиш жараёни клуб назорат остида бўлади”, дейилади клуб хабарида.
Кеча, 8 декабрга ўтар кечаси 27 ёшли бразилиялик футболчи Ла Лиганинг 15-тури доирасидаги “Селта”га қарши уй учрашувида (0:2) меҳмонлар ҳужумчиси Пабло Дураннинг узоқ узатмасини тўхтатмоқчи бўлганида жароҳат олди. Милитао ўйиннинг 24-дақиқасида алмаштирилди ва майдонни шифокорлар ёрдамида тарк этди.
Журналист Аранча Родригеснинг сўзларига кўра, Милитаонинг тикланиши тахминан тўрт ой давом этади. Ҳимоячи 2026 йилнинг апрель ойида майдонга қайтиши кутилмоқда. Бу жароҳат Милитаонинг сўнгги икки ярим йил ичида учинчи жиддий жароҳати ҳисобланади.
Милитао жорий мавсумда “Реал Мадрид” сафида барча турнирларда 17 та ўйинда майдонга тушиб, 1 та гол ва 1 та голли узатмани амалга оширди.
Эслатиб ўтамиз, “Реал Мадрид”нинг Ла Лига доирасида “Атлетик Билбао”га (0:3) қарши ўйинидан сўнг ҳимоячи Трент Александер-Арнольд ҳам жароҳат олганди.