“Реал Мадрид” ҳимоячиси ҳам “Эль-Класико”ни ўтказиб юбориши мумкин
Спорт
−
17 Октябрь 2025 2203 2 дақиқа
“Реал Мадрид” ҳимоячиси Дин Хёйсен жароҳати сабаб “Барселона”га қарши ўйинда иштирок этиши шубҳа остида. Футболчи “Вильярреал”га қарши ўйинда чап оёғи мушагида ортиқча юкланиш туфайли кичик ёрилишга учраган. Бу ҳақда “Sport” нашри хабар берди.
Дастлаб у Испания терма жамоасига чақирилган эди, бироқ жароҳат аниқлангач, уч кундан сўнг йиғиндан четлатилган. Клуб хабарига кўра, Хёйсеннинг тикланиш муддати тахминан икки ҳафта этиб белгиланган. Бу эса футболчининг “Эль-Класико”дан уч кун олдин машғулотларга қайтишини англатади. Шунга қарамай, агар кичик ёрилиш тўлиқ тузалмаган бўлса, футболчининг жароҳати қайталаниш хавфи юқори бўлади. Шу сабабли, у “Барселона”га қарши учрашувга 100 фоиз тайёр ҳолатда бўлмаслиги мумкин.
Хёйсен “Реал Мадрид”нинг “Хетафе” ва “Ювентус”га қарши ўйинларини ўтказиб юборади. Шунингдек, жароҳатдан тикланаётган Антонио Рюдигер ноябрь ойи ўрталаригача сафга қайтмайди. Шу боис, Алонсо ҳимоя чизиғида уч марказий ҳимоячи схемани қайта синаб кўриши мумкин.
Маълумот учун, Дин Хёйсен жорий мавсумда Ла Лига доирасида ҳозиргача 7 та, барча мусобақаларда жами 11 та ўйинда майдонга тушди ва битта голли узатма амалга оширди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Барселона” ҳужумчиси Роберт Левандовский терма жамоада олган жароҳати сабаб “Эль-Класико”ни ўтказиб юбориши ҳақида хабар берилган эди.
Диёр Тошпўлатов