“Реал” “Cити”ни йирик ҳисобда мағлуб этди

Спорт

image

Кеча, 11 март куни Испаниянинг “Реал Мадрид” клуби Чемпионлар лигаси 1/8 финал босқичининг илк учрашувида ўз майдонида Англиянинг “Манчестер Сити” жамоасини йирик 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Мадрид шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда мадридликлар сардори Федерико Вальверде фаолиятидаги илк хет-трикни қайд этди. Уругвайлик футболчи 20-, 27- ва 42-дақиқаларда гол урди.

57-дақиқада “Манчестер Сити” дарвозабони Жанлуижи Доннарумма Винисиус Жуниор томонидан тепилган пенальтини қайтаришга муваффақ бўлди. Иккинчи бўлимда “қироллик клуби” ҳимояда ишончли ҳаракат қилган ҳолда 3:0 ҳисобини ўйин якунига қадар сақлаб қолди.

Жамоалар турнирнинг асосий босқичида ҳам ўзаро тўқнаш келган эди. Ўшанда “шаҳарликлар” сафарда “Реал Мадрид”ни 2:1 ҳисобида мағлуб этган.

“Қироллик клуби” сафида ҳужумчи Килиан Мбаппе ҳамда ярим ҳимоячи Жуд Беллингем жароҳатлари сабаб ушбу учрашувни ўтказиб юборди. Вальверденинг биринчи голига дарвозабон Тибо Куртуа голли узатма берди. Шу тариқа бельгиялик посбон Чемпионлар лигаси тарихида дарвозабонлар орасида голли узатмалар сони бўйича якка етакчига айланди (3 та).

“Реал Мадрид” охирги марта Чемпионлар лигаси плей-офф босқичида биринчи бўлимнинг ўзида учта голни 2013-2014 йилги мавсум ярим финалида “Бавария” дарвозасига киритган эди.

Маълумот учун, ушбу жамоалар ўртасидаги жавоб учрашуви жорий йилнинг 17 март куни Манчестер шаҳрида бўлиб ўтади.


Мақола муаллифи

Теглар

“Manchester Siti” Chempionlar ligasi “Real Madrid”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг