Райс касаллик сабаб терма жамоадан четлатилди
Спорт
−
15:04 1110 2 дақиқа
Англия миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Деклан Райс касаллиги сабаб жамоа машғулотларидан четлатилди. Бу ҳақда “Daily Mail” нашри хабар берди.
Нашрга кўра, Райс кетма-кет икки кун миллий терма жамоа машғулотларини ўтказиб юборган. Сабаби футболчида ичак инфекцияси аниқланган. 27 ёшли футболчи аввалдан сон мушаклари ва белининг пастки қисмига таъсир қилувчи неврологик муаммолардан азият чеккан бўлиб, инфекция унинг аҳволини янада оғирлаштирган.
Англия терма жамоаси тиббий штаби инфекциянинг жамоа ичида тарқалишининг олдини олиш учун зарур чораларни кўрган.
Норвегия терма жамоасида ҳам соғлиқ билан боғлиқ муаммолар кузатилмоқда. Дарвозабон Эрьян Нюланд “Daily Mail”га берган интервьюсида жамоа йиғинида касаллик ҳолатлари қайд этилганини тасдиқлаган. Аввалроқ икки нафар норвегиялик футболчи ҳам саломатлиги билан боғлиқ муаммолар сабаб машғулотлар ва ўйинларни ўтказиб юборган.
Маълумот учун, Деклан Райс Англия терма жамоаси сафида шу вақтгача 77 та учрашувда майдонга тушиб, 7 та гол урган. У миллий жамоанинг асосий етакчиларидан бири ҳисобланади. Клуб миқёсида эса 2023 йилдан буён “Арсенал” шарафини ҳимоя қилиб келмоқда.
Англия ва Норвегия ўртасидаги 2026 йилги Жаҳон чемпионати чорак финал учрашуви жорий йилнинг 12 июль куни Тошкент вақти билан соат 02:00 да бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Деклан Райс терма жамоада юқумли касаллик юқтириб олгани ва шу сабаб икки кун машғулотларни ўтказиб юборгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси