“Равшан Золотой” номи нега Интерпол қидирувидан олиб ташлангани очиқланди
Жамият
−
14 июл 13772 4 дақиқа
“Равшан Золотой” номи билан танилган Равшан Муҳитдиновга нисбатан Интерпол орқали халқаро қидирув тўхтатилгани тасдиқланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари – Тергов бошқармаси бошлиғи Дилмурод Мирсодиқов QALAMPIR.UZ журналисти саволига жавобан маълум қилди.
Жорий йилнинг апрель ойида Равшан Муҳитдинов Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги сўрови билан Интерпол орқали халқаро қидирувга берилган эди. Қидирув маълумотларига кўра, 1988 йилда туғилган Муҳитдиновга Жиноят кодексининг 173-моддаси 3-қисми (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш), 242-моддаси 2-қисми (Жиноий уюшма ташкил этиш), 277-моддаси 3-қисми (Безорилик) айбловлари қўйилганди.
Шундан сўнг, QALAMPIR.UZ Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги сўрови билан Интерпол орқали халқаро қидирувга берилган Равшан Муҳитдиновнинг номи Интерпол сайтидаги қидирувдаги шахслар бўлимидан сирли равишда олиб ташланганини жорий йилнинг июнь ойида аниқлаганди.
Бугун, 14 июль куни ИИВ томонидан ўтказилган матбуот анжуманида Муҳиддинов нега Интерпол қидирувидан олиб ташлангани ҳақида QALAMPIR.UZ журналисти ИИВ вакилларига савол билан юзланди. Унда маълум қилинишича, “Равшан Золотой”га нисбатан аслида 2021 йилда қидирув эълон қилинган. Шундан сўнг тергов ҳаракатлари давомида унга нисбатан қўйилган айбловлар тасдиғини топмаган ва шу муносабат билан қидирув-тергов ҳаракатлари тўхтатилган.
“Ҳақиқатан, 2021 йилда ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, “Равшан Золотой”га нисбатан тегишли моддалар билан қидирув эълон қилинган. Вақт ўтгандан кейин жавобгарликка тортиш муддати ўтганлиги муносабати билан, жиноят иши процессуал муддатлари ўтганлиги сабабли ёпилган”, дейди ИИББ Тергов бошқармаси бошлиғи Дилмурод Мирсодиқов.
ИИББ бошлиғининг ўринбосари қайд этилишича, жорий йил яна бир неча аризалар келиб тушгани сабабли унга нисбатан халқаро қидирув эълон қилинган. Бироқ бу сафар ҳам қўйилган айбловлар ўз тасдиғини топмагани учун қидирув яна тўхтатилган айтилмоқда.
“Бир қатор тергов ҳаракатлари ўтказилгандан, унга нисбатан яна қўшимча аризалар тушгандан кейин, ушбу ҳолат бўйича яна қидирув ҳаракатлари жадаллаштирилиб, барча тергов ҳаракатлари ўтказилган. Шундан сўнг, унинг бошқа айблов ҳолатлари тасдиқланмаганидан сўнг, Муҳитдиновнга нисбатан яна қидирув ҳаракатлари бекор қилинган”, деб айтган ИИББ мулозими.
Маълумот учун, бу Равшан Муҳитдиновнинг қидирувга берилиб, сўнг ҳаммаси тўхтатилиши билан боғлиқ биринчи ҳодиса эмас. У 2007 йилда (18 ёшида) Жиноят кодексининг бир нечта моддалари (жумладан, жиноий уюшма ташкил этиш) билан айбланиб, қидирувга берилган. У 12 йил давомида Ўзбекистондан ташқарида (асосан Истанбул ва Дубайда) истиқомат қилган. 2019 йилда унга нисбатан эълон қилинган қидирув бекор қилинди ва у Ўзбекистонга қайтиб келди. Хабарларга кўра, Муҳитдинов нисбатан ўша вақтда қўзғатилган жиноий ишлар қайта кўриб чиқилиб, оқланган.
Равшан Муҳитдинов таниқли тадбиркор ва Халқаро ҳаваскор бокс ассоциациясининг (AIBA) собиқ президенти Ғофур Раҳимовнинг жияни ҳисобланади.
Ижтимоий тармоқларда Равшан Муҳитдиновнинг ўз тоғаси Ғофур Раҳимов билан молиявий масалаларда келишмовчилиги бўлгани ва бу низо ҳатто жисмоний тазйиқларгача бориб етгани ҳақида видеомурожаатлар тарқалган.
Баъзи ОАВ ва экспертлар уни МДҲ ҳудудидаги таъсир доирасига эга шахслар билан яқин алоқада деб ҳисоблашади, бироқ Муҳитдиновнинг ўзи берган интервьюларида бундай иддаоларни рад этиб, шунчаки тадбиркор эканини таъкидлайди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида Равшан Муҳитдиновнинг божаси – “Real Sanjik” тахаллуси билан танилган тадбиркор Санжар Каримов Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди, 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми ва 273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди. QALAMPIR.UZ'га оид маълумотларга кўра, Санжар Каримов Равшан Муҳитдиновнинг қайнотаси ҳам куёвларига айблов эълон қилинган даврда ҳибсга олинган. У Жиноят кодексининг қайси моддалари билан айбланаётгани маълум эмас.
Live
Барчаси