“Равшан золотой” халқаро қидирувга берилди

3-саҳифа

image

“Равшан золотой” лақаби билан танилган ўзбекистонлик Равшан Муҳитдинов Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги сўрови билан Интерпол орқали халқаро қидирувга берилди. Бу ҳақдаги эълон Интерпол сайтида пайдо бўлди. 

Қайд этилишича, 1988 йилда туғилган Равшан Муҳитдинов Жиноят кодексининг 173-моддаси 3-қисми (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш), 242-моддаси 2-қисми (Жиноий уюшма ташкил этиш), 277-моддаси 3-қисми (Безорилик) билан айбланмоқда.

Айтиш ўринлики, Равшан Муҳитдиновнинг божаси Санжар Каримов (Санжик) уй можароси ортидан ҳибсланган эди. 10 апрель куни унинг иши бўйича биринчи суд мажлиси бўлиб ўтди. Санжар Каримов Жиноят кодексининг 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми, 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди ҳамда 273-модда (гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Равшан Муҳитдинов таниқли тадбиркор ва Халқаро ҳаваскор бокс ассоциациясининг (AIBA) собиқ президенти Ғофур Раҳимовнинг жияни ҳисобланади.

Равшан Муҳитдинов 2007 йилда (18 ёшида) Жиноят кодексининг бир нечта моддалари (жумладан, жиноий уюшма ташкил этиш) билан айбланиб, қидирувга берилган. У 12 йил давомида Ўзбекистондан ташқарида (асосан Истанбул ва Дубайда) истиқомат қилган.

2019 йилда унга нисбатан эълон қилинган қидирув бекор қилинди ва у Ўзбекистонга қайтиб келди. Хабарларга кўра, унга нисбатан қўзғатилган жиноий ишлар қайта кўриб чиқилиб, оқланган.

Ижтимоий тармоқларда Равшан Муҳитдиновнинг ўз тоғаси Ғофур Раҳимов билан молиявий масалаларда келишмовчилиги бўлгани ва бу низо ҳатто жисмоний тазйиқларгача бориб етгани ҳақида видеомурожаатлар тарқалган.

Баъзи ОАВ ва экспертлар уни МДҲ ҳудудидаги таъсир доирасига эга шахслар билан яқин алоқада деб ҳисоблашади, бироқ Муҳитдиновнинг ўзи берган интервьюларида бундай иддаоларни рад этиб, шунчаки тадбиркор эканини таъкидлайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Равшан золотой Равшан Муҳитдинов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг