Рауф Парфи, Муҳаммад Юсуф, Тўра Сулаймон ва бошқа ижодкарлар мукофотланди
Маданият-санъат
−
23 Август 8649 3 дақиқа
Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфи (Турсунали Парфиев), Тўра Сулаймон (Тўра Сулаймонов), Муҳаммад Юсуф (Муҳаммаджон Юсупов) ва бошқа ижодкорлар “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланди. Бу ҳақдаги фармонга бугун, 23 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев имзо чекди.
Фармонга кўра, “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан қуйидагилар тақдирланган:
- Вали Ғафуров – Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, адиб
- Тўхтасин Жалолов – Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, адабиётшунос олим, таржимон
- Бегали Қосимов – Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, жадидшунос олим
- Қуддус Муҳамедов (Қуддус Муҳаммадий) - Ўзбекистон халқ шоири
- Алибек Рустамов (Алибек Рустамий) - Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, адабиётшунос олим.
“Меҳнат шуҳрати” ордени билан:
- Анвар Обиджон (Анваржон Обиджонов) - Ўзбекистон халқ шоири.
Маълумот учун, Рауф Парфи 1943 йил 27 сентябрда Тошкент вилоятида оддий деҳқон оиласида туғилган. Биринси шеъри 1957 йилда чоп этилган. Унинг асосий шеърий тўпламлари орасида “Карвон йўли” (1968), “Акс-садо” (1970), “Тасвир” (1973), “Хотирот” (1974), “Кўзлар” (1976), “Қайтиш” (1981), “Сабр дарахти” (1986), “Сукунат” (1991) ва “Тавба” (2001) бор. У таржима бўйича ҳам фаол бўлиб, Байроннинг “Манфред”, Нозим Ҳикматнинг “Инсон манзаралари”, Карло Каладзенинг “Денгиз хаёли” каби классик асарларни ўзбек тилига таржима қилган. Шоир 1999 йилда “Ўзбекистон халқ шоири” унвонига сазовор бўлган. У 2005 йил 28 март куни Тошкентда юрак хуружидан вафот этди.
Муҳаммад Юсуф 1954 йил 26 апрель куни Андижон вилоятида туғилган. У 1978 йилда Тошкентдаги Рус тили ва адабиёти институтини тамомлаб, Республика китобсеварлар жамияти, “Тошкент оқшоми” газетаси, Адабиёт ва санъат нашриёти, “Тафаккур” журнали ва “Ўзбекистон овози” газетасида фаолият юритган. Биринчи шеъри 1976 йилда чоп этилган, илк тўплами “Таниш тераклар” 1985 йилда нашр қилинган. Муҳаммад Юсуф 1998 йилда “Ўзбекистон халқ шоири” унвонига сазовор бўлган ва “Дўстлик” ордени билан мукофотланган. Унинг машҳур тўпламлари қаторида “Булбулга бир гапим бор”, “Уйқудаги қиз”, “Ишқ кемаси”, “Эрка кийик” ва “Улуғимсан, Ватаним” бор. 2001 йил 29 июлда ижодий сафар чоғида Эллиққалъа туманида юрак хуружидан вафот этиб, Андижонда дафн қилинган.
Тўра Сулаймон 1934 йил 15 февралда Жиззах вилоятида туғилган. У Тошкент давлат университетининг журналистика факультетини 1958–1964 йилларда тамомлаган. “Гулистон” ва “Сирдарё ҳақиқати” газеталарида ишлаган, 1972–1977 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Сирдарё вилоят бўлимининг масъул котиби, 1977–1981 йилларда адабий маслаҳатчи бўлган, умрининг охиригача бу лавозимда фаолият юритган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, марҳум хонанда Охунжон Мадалиев “Меҳнат шуҳрати” ордени билан, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, марҳум хонанда Муҳриддин Холиқов эса “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланганди.
Live
Барчаси