Марҳум хонандалар Муҳриддин Холиқов ва Охунжон Мадалиев ҳам тақдирланди

Маданият-санъат

image

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, марҳум хонанда Охунжон Мадалиев “Меҳнат шуҳрати” ордени билан, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, марҳум хонанда Муҳриддин Холиқов эса “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланди. Бу ҳақда бугун, 23 август куни Президент Шавкат Мирзиёев тегишли фармонга имзо чекди.

Фармонга кўра, ушбу икки хонанда Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан тақдирланган. Улар ўзининг кўп йиллик самарали илмий-ижодий, ижтимоий фаолияти, ёрқин ва бетакрор истеъдоди билан халқнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, миллий маънавиятни бойитиш, мамлакатда илм-фан, адабиёт, маданият ва санъат соҳаларини ривожлантириш, жамиятда эзгулик ва адолат, ватанпарварлик ва бағрикенглик тамойилларини мустаҳкамлаш йўлида фидокорона хизмат қилиб, авлодларга қолдирган бой мероси, сермазмун ҳаёти ва инсоний фазилатлари билан эл-юрт хотирасидан чуқур жой эгаллагани қайд этилган.

Маълумот учун, Муҳриддин Холиқов Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби. Илк бор “Паризод“ қўшиғи билан чиқиш қилган. Биринчи устози марҳум Шерали Жўраев бўлган. Маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда хонандалар Абдулла Қурбонов, Анвар Санаев унинг шогирдлари ҳисобланади. Фаолияти давомида 20 га яқин концерт берган. Охирги концерти 2000 йилда бўлиб ўтган. 2001 йил 21 ноябрда Тошкентда вафот этган.

Охунжон Мадалиев марҳум қўшиқчи ва бастакор. У 1990 йилларда Ўзбекистонда ва қўшни республикаларда шуҳрат қозонган. Мадалиев вафотига қадар юзлаб қўшиқ куйлаган. “Ёлғиз аёл“, “Жавоҳирим“, “Онамнинг дуоси“, “Сени бугун кўрмасам бўлмас“, “Туркман қиз“, “Унутмоқ осонмас бизларни“ каби қўшиқлари оммалашган. Мадалиев 2000 йилнинг 29 июнида 37 ёшида навбатдаги тўйни тугатиб, ҳайдовчиси билан Tico машинасида кетаётганида миокард инфарктидан вафот этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси хонандаси Жаҳонгир Позилжонов “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист” фахрий унвони билан, Маданият вазири Озодбек Назарбеков “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони билан мукофотланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Муҳриддин Холиқов Охунжон Мадалиев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар