“Пахтакор” йўқ бўлмайди: У ФИФА талабига мос стадионга айлантирилади
Жамият
−
14 Декабрь 2019
6940Ижтимоий тармоқларда “Пахтакор” стадиони бузилаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди ва бу кўплаб фойдаланувчиларнинг эътирозини келтириб чиқарди.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати вазиятга ойдинлик киритар экан, “Пахтакор” клуби расмий сайтида стадионнинг аниқ бузилиш санаси маълум эмаслиги ҳақида баёнот берди.
Унда айни пайтда стадионнинг янги кўриниши қандай бўлиши аниқланилаётгани, тақдим қилинган лойиҳалар орасидан бирини танлаб олиш жараёни кетаётгани ҳақида сўз боради. Маълум бўлишича, “Пахтакор” клуби расмий сайтида эълон қилинган тендердан сўнг 20 га яқин компания ўз таклифларини билдирган. Стадион ФИФAнинг энг сўнгги талабларига жавоб берадиган ҳолатда бунёд этилиши кўзда тутилган.
“Маъқул деб топилган лойиҳа танлангач, стадион пойтахт марказида жойлашиши ва унинг кўркига айланиши мақсадида ҳукуматнинг тегишли идоралари билан биргаликда қурилиш ишлари қачон бошланиши борасида бир тўхтамга келинади. Aйни ҳолатда эса стадионни бузиш ишлари қачон бошланиши аниқ эмас. Лойиҳа масаласи аниқ бўлиши билан бу ҳақида маълумот расмий сайтимизда тақдим этилади”, - дейилади клуб баёнотида.
“Пахтакор“ футбол клуби матбуот хизмати берган баёнотга кўра, стадион қурилиши билан боғлиқ сарф-харажатлар тўлиқ ҳомийлар ҳисобидан қопланади.
Сарвар Анвар ўғли