Расман: Жамшид Хўжаев Бош вазирга ўринбосар бўлди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Жамшид Абдуҳакимович Хўжаев Инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича Бош вазир ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири лавозимига тайинланди. Бу ҳақда вазирлик Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Жамшид Хўжаевнинг номзоди жорий йилнинг 16 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маъқўлланган.

Тайинловдан олдин Жамшид Хўжаев Қишлоқ хўжалиги вазирлигига раҳбарлик қилиб келган. Ушбу лавозимдан олдин у 2017 йилдан 2019 йилгача Ташқи савдо вазири бўлиб ишлаган. Ундан аввал эса Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки раисининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритиб, ғазначилик, ташқи иқтисодий фаолият, ахборот технологиялари, лойиҳавий молиялаштириш ва бошқа департаментлар ишини мувофиқлаштирган.

Шунингдек, у Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари – Давлат бюджетига тушумларнинг тўлиқлигини назорат қилиш инспекцияси бошлиғи лавозимида фаолият юритган, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасини ташкил қилиш, унинг фаолиятини тартибга солишнинг тўлақонли меъёрий-ҳуқуқий базасини ишлаб чиқиш, шунингдек Жамғарма ресурс базасини янада мустаҳкамлаш бўйича таклифларни ишлаб чиқишда бевосита иштирок этган.

2021 йил 10 сентябрдан бошлаб Жамшид Хўжаев Тошкент Давлат аграр университети ректори вазифасини бажарувчиси лавозимига тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, бугунгача Бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий масалалари бўйича ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири лавозимида фаолият юритган Сардор Умурзоқов Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари этиб тайинланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

187

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг