Сардор Умурзоқов Президент Администрацияси раҳбари бўлди
Жамият
−
16 Июль 2022
27113Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Сардор Ўктамович Умурзоқов Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари лавозимига тайинланди.
Шу муносабат билан Бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири лавозимидан озод этилди.
Сардор Умурзоқов 1977 йил 23 ноябрда Тошкентда туғилган. Тошкент давлат иқтисодиёт университети (бакалавр) ва Рэдинг университетини (Буюк Британия, магистратура) тамомлаган.
2007 йилда Умурзоқов Молия вазирлиги Ғазначилиги бошлиғи ўринбосари, биринчи ўринбосари, Тошкент шаҳар Ғазначилиги бошлиғи лавозимларида ишлаган.
2014-2017 йилларда “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси бошқаруви раисининг маслаҳатчиси, 2017-2018 йилларда раис ўринбосари бўлган. Уюшма қайта ташкил этилиб, “Ўзчармсаноат”га айлантирилгач, 2018-2019 йилларда унга раислик қилган.
2019 йил 28 январда Инвестициялар ва ташқи савдо вазири этиб тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилдан бери Президент Администрацияси раиси лавозимида Зайнилобиддин Низомиддинов фаолият юритиб келаётганди. У жорий йилнинг 8 июль куни саломатлиги сабаб мазкур лавозимдан озод этилди ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши раисининг биринчи ўринбосари этиб сайланди.