Расман: Ўзбекистон 2022 йилда қанча қарз олиши белгиланди
Жамият
−
04 Январь 2022
12568Ўзбекистоннинг 2022 йилда оладиган давлат қарзи миқдори белгиланди. Бу ҳақда “Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил учун Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунида сўз боради.
Қонуннинг 10-моддаси айнан Ўзбекистон Республикаси номидан ва Ўзбекистон Республикаси кафолати остида олинадиган давлат қарзининг чекланган ҳажмини белгилаш ҳақида бўлиб, унда Ўзбекистон Республикаси номидан ва Ўзбекистон Республикаси кафолати остида жалб қилинган давлат қарзининг суммаси ялпи ички маҳсулотнинг йиллик прогноз кўрсаткичига нисбатан 60 фоиздан ошмаслиги кераклиги урғуланади.
Қонунда 2022 йил йил учун Ўзбекистон Республикаси (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати) номидан ва Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган ҳажми 4,5 миллиард АҚШ доллари этиб белгиланган. Шундан 2,5 миллиард АҚШ доллари Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш учун, 2,0 миллиард АҚШ доллари инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун белгиланмоқда.
Бундан ташқари, қонун билан 2022 йил учун Ўзбекистон Республикаси номидан чиқариладиган давлат қимматли қоғозларининг чекланган соф ҳажми 6,0 трлн сўм миқдорида белгиланган. Бунда молия йили давомида чиқариладиган ҳамда жорий йилда сўндириладиган Ўзбекистон Республикасининг давлат қимматли қоғозлари чекланган соф ҳажмга киритилмайди.
Эслатиб ўтамиз, Молия вазирлигининг маълум қилишича, 2022 йил Ўзбекистоннинг умумий давлат қарзи 33,5 млрд долларга етиши кутилмоқда.
Айни вақтда, Ўзбекистоннинг давлат қарзи қолдиғи йил бошидан 2,1 млрд долларга, жорий йилнинг III чорагида эса 1,1 млрд долларга ошиб, 1 октябрь ҳолатига 25,3 млрд долларни ташкил этмоқда.
Қайд этилишича, умумий давлат қарзи, миқдорининг ўсишига қарамай, макроиқтисодий барқарорлик учун хавфсиз даражада қолмоқда.
LiveБарчаси