Қарзнинг юқори миқдори ЯИМга нисбатан 60 фоиз этиб белгиланса, бурнимизгача қарзга ботмаймизми?
Жамият
−
04 Август 2022
8600Аввал хабар берганимиздек, бугун, 4 август куни Сенатнинг 29-ялпи мажлисида “Давлат қарзи тўғрисида”ги қонун маъқулланди. Қонун билан давлат қарзи суммасининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан энг юқори миқдори 60 фоиздан ошмаслиги белгиланмоқда. Хўш, бу ўта юқори кўрсаткич эмасми? Мамлакат яна қарз ботқоғига чуқурроқ ботмайдими? Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов нега айнан 60 фоиз нисбат белгиланганига изоҳ берди.
“Мазкур лимит – бу юқори чегара. Бу мақсад эмас. Ҳозирги кунда давлат қарзимиз ялпи ички маҳсулотга нисбатан 37 фоизни ташкил қиляпти. Йил охирига бориб, бу кўрсаткич 40 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. Биз яна 20 фоиз “буфер” олганмиз”, дейди Исоқов.
Унинг қайд этишича, 2020 йилда коронавирус пандемияси туфайли ташқи қарз маблағлари режага нисбатан кўпроқ жалб қилинган. Шу билан биргаликда, ЯИМнинг ўсиш суръатлари ҳам кутилганидан камроқ бўлган.
“Шунга қарамай, бутун дунёда тескари ўсиш бўлганда ҳам Ўзбекистонда 1,7 фоиз ўсишга эришилди. Шундай бўлса ҳам жами қарзнинг ЯИМга нисбати қарийб 10 фоизга ошиб кетди. Биз бундан хулоса қилдикки, камида 10 фоиз “буфер” керак экан”, дейди вазир ўринбосари.
Таъкидланишича, қонун кучга киргач, давлат қарзи ЯИМга нисбати 50 фоизга етганда, Вазирлар Маҳкамаси парламентга қарзнинг ҳолатини камайтириш бўйича ўзининг таклифини киритиши керак.
“Аслида “потолок” 50 фоиз, 60 эмас”, деб яна такрорлайди Исоқов.
Қўшимча қилинишича, 60 фоизлик лимит белгилашдан аввал 70 дан ортиқ мамлакатнинг тажрибаси ўрганилган. Бундан 45 тасида қарзнинг ЯИМга нисбати 60 фоиз.
“1971 – 2007 йилларда 99 та мамлакатда ўз қарзини тўлай олмаслик ҳолатлари кузатилган. Ана шу мамлакатларнинг аксариятида давлат қарзининг ЯИМга нисбати 60 фоиздан анча юқори бўлган.
Европа Иттифоқига Маастрихт мезонлари бор, бу бўйича ҳам ЕИда ҳам 60 фоиз лимит белгиланган”, дейди Исоқов.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, умумий давлат қарзи 25,9 млрд долларни ташкил этмоқда. Бундан 23,2 млрд доллари давлат ташқи қарзи ҳисобланади.
LiveБарчаси