Расман: Қозоғистон ун ва буғдой экспортига чеклов ўрнатди
Олам
−
11 Апрель 2022
19416Жорий йилнинг 15 апрелидан Қозоғистонда ғалла ва ун экспортига чеклов жорий этилади. Қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Айдарбек Сапаровнинг сўзларига кўра, мамлакатда мавжуд бўлган дон ва ун миқдори ички эҳтиёжни қондириш учун етарли. Бу ҳақда “Tengrinews” ёзмоқда.
Сапаровнинг сўзларига кўра, ички бозордаги камомадни бартараф этиш мақсадида ун ва буғдой экспорти учун квоталар жорий қилинган.
“2022 йил 1 апрелда Ташқи савдо сиёсати ва халқаро иқтисодий ташкилотларда иштирок этиш бўйича идоралараро комиссия 15 апрелдан 15 июнгача буғдой ва ун экспорти учун квоталар жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилди. Буғдой квотаси ҳажми 1 млн тонна, ун учун - 300 минг тонна”, дейди Сапаров.
Қайд этилишича, айни вақтда вазирлик Миллий статистика бюроси ва маҳаллий ижро ҳокимияти органлари билан биргаликда ҳудудлардаги буғдой захираларини инвентаризация қилиш устида ишламоқда.
“7 апрель ҳолатига кўра, ун захиралари 118 минг тоннани ташкил этади, шундан 10 минг тоннаси барқарорлаштириш фонди, 22 минг тоннаси “қайта тиклаш схемаси” доирасида, 48 минг тоннаси ишлаб чиқарувчиларда, 20 минг тоннага яқини омборхоналарда ва 18 минг тонна - савдо объектларида. Кўрсатилган ҳажм ички талабни тўлиқ қондиришга етади. Шу билан бирга, Озиқ-овқат корпорациясининг ресурсларида 800 минг тоннадан ортиқ ғалла мавжуд бўлиб, зарур ҳолларда вазиятни барқарорлаштириш мақсадида ички бозорга йўналитирилади”, дейди Сапаров.
Қозоғистонда ғалла ва дуккакли экинларнинг ялпи ҳосили 2020 йилдаги 20,06 миллион тоннага нисбатан 2021 йилда 16,4 миллион тоннани ташкил этди (18,2 фоизга камайган). Бу пасайиш мамлакатнинг бир қатор ҳудудларидаги қурғоқчилик билан боғлиқ. Шунингдек, Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2021-2022 қишлоқ хўжалиги йили учун ғалла экспорти прогнозини оширгани, республика 7-7,3 миллион тоннага яқин дон экспорт қилмоқчи эканлиги маълум қилинган.
Ўзбекистонга январь ойида 26,8 минг тонна буғдой уни импорт қилинган
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йилнинг январь ойида Ўзбекистонга қиймати 8,5 млн АҚШ долларига тенг бўлган 26,8 минг тонна буғдой уни импорт қилинган.
Буғдой уни импорти ҳажми ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 2,9 минг тоннага ошган.
2022 йилнинг январь ойида Ўзбекистонга энг кўп буғдой уни импорт қилинган давлатлар:
• Қозоғистон – 26,6 минг тонна;
• Россия – 152 тонна;
• АҚШ – 50 тонна;
• Италия – 4,2 тонна.
LiveБарчаси