Расман: Финляндия НАТОнинг 31-аъзоси бўлди
Олам
−
04 Апрель 2023
5128Бугун, 4 апрель куни Финляндия НАТО сафига расман қабул қилинди. Альянснинг Брюсселдаги қароргоҳида илк бор Финляндия байроғи кўтарилиди. Бу ҳақда альянс сайтида маълум қилинди.
Брюсселда бўлиб ўтган НАТО Ташқи ишлар вазирлари йиғилишидан сўнг Финландиянинг альянсга аъзолиги барча иштирокчи давлатлар томонидан тасдиқланди. Финляндия Ташқи ишлар вазири Пекка Ҳаависто НАТО қароргоҳида мамлакатнинг Шимолий Атлантика иттифоқига қўшилиши ҳақидаги ҳужжатни имзолаган. Шундан сўнг ҳужжат АҚШ расмийларига топширилган.
Шунингдек, мамлакатнинг альянсга аъзолигини охирги бўлиб тасдиқлаган Туркия вакиллари ҳам Финляндиянинг аъзолигини ратификация қилиш ҳақидаги ҳужжатларни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкенга топширган.
Учрашувлардан сўнг НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг ва Финляндия Президенти Саули Ниинистё матбуот анжумани ўтказган. Унда Столтенберг Финландия НАТОнинг 31- аъзосига айланганини, бу Финландия учун ҳам, Шимолий мамлакатлар учун ҳам, умуман олганда бутун НАТО учун яхши бўлганини айтган. Қолаверса, у тез оради Швецияни ҳам альянс аъзолари қаторида кўриш ниятида эканини билдирган.
“Биз Швециянинг НАТОга кириши ҳақидаги протоколни ратификация қилишни тезлаштириш учун Анқара билан яқин алоқадамиз. Швеция кириш учун барча шартларни тўлиқ бажарган, унинг йўлида ҳеч қандай тўсиқ бўлмаслиги керак”, деган Столтенберг.
Шундан сўнг, НАТО қароргоҳида Финландиянинг байроғи кўтарилган. Расмий маросимда Финляндия Президенти Саули Ниинистё, Ташқи ишлар вазири Пекка Ҳаависто, Мудофаа вазири Антти Кайкконен ҳамда НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг ва альянсга аъзо бошқа давлатлар вакиллари иштирок этган.
Маълумот учун, Финляндия 2022 йил май ойида Швеция билан биргаликда НАТОга қўшилиш учун ариза берган. Финляндия аъзолигини охирги бўлиб тасдиқлаган Туркия ҳамон Швеция қироллигининг альянсга киришини блоклашда давом этмоқда, чунки Стокгольм Туркияда терроризмда айбланган қочоқларни экстрадиция қилиш бўйича Анқаранинг барча талабларини бажармаган.