Расман: Энди автомобилни рўйхатдан ўтказишда йиғим ундирилмайди
Жамият
−
08 Январь 2022
13528Аввалроқ, жорий йилнинг 1 январидан бошлаб автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғим бекор қилингани, шунингдек, “2022 йил учун Давлат Бюджети тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши ҳамда “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартириш киритилиши ортидан иккиламчи бозордан сотиб олинган автомобилни расмийлаштириш харажатлари ҳам камайгани хусусида хабар берган эдик.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати автотранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ва қайта рўйхатдан ўтказишда йиғимлар бекор қилинганини маълум қилди.
“Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 30 декабрь куни “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги 742-сон қонуни қабул қилиниб, унда 2022 йилда ундириладиган айрим тўлов ставкаларига ўзгартиришлар киритилди. Шу билан бирга Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 29 декабрь куни “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 241-сон қонуни ҳам қабул қилиниб, солиқ кодексининг 460-моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Эндиликда ушбу қонунлар билан киритилган қўшимчаларга мувофиқ, 2022 йилнинг 1 январидан бошлаб, автотранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ва қайта рўйхатдан ўтказишда йиғимлар ундирилмаслигини маълум қиламиз”, дейди ИИВ ЖХД ЙҲХХ Азизхон Муродов маълум қилмоқда.
Натижада, энди автомобиль олди-сотди шартномаларини Йўл харакати ҳавфсизлиги бошқармасидан рўйхатдан ўтказиш учун йиғимлар талаб қилинмайди.
Эслатиб ўтамиз, қонун қабул қилингунга қадар амалда бўлган тартибга кўра, автосалондан янги машина сотиб олганда шартнома нархининг 3 фоизи миқдорида йиғим тўланар эди.
Агар иккиламчи бозордан машина сотиб олинганда ишлаб чиқилган йилига қараб ҳар бир от кучи учун 29 минг 700 сўмгача йиғим олинарди. Масалан, ишлаб чиқарилганига 3 йил тўлмаган 100 от кучига тенг машинани сотиб олганлик учун деярли 3 млн сўм йиғим тўланарди.
Блогер Хушнудбек Худойбердиевнинг ёзишича, “Агар кимдир машина сотиб олгану, лекин ўз номига расмийлаштиришдаги катта харажатдан қочиб, "генеральная доверенность" олиб ҳайдаб юрган бўлса, унда эндиликда машиналарини ўз номларига ўтказиб олишлари мумкин. Тўғри, ҳозир нотариусда тўланадиган давлат божининг юқори ставкалари ўз кучида турибди, аммо тез орада давлат божлари ҳам камайтирилиши кутилмоқда. Янада аниқроқ айтганда машинанинг от кучи ва йилидан қатъи назар базавий ставканинг 3 баробари (810 минг сўм) этиб белгиланиши режалаштирилмоқда”.
LiveБарчаси