Расман АҚШ Польшага қўшин киритди
Олам
−
05 Февраль 2022
8625Шарқий Европада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш учун юборилиши айтилган АҚШ ҳарбийлари бугун, 5 февраль куни Польшага етиб келди. Бу ҳақда, Польша ахборот агентлиги PAP хабар бермоқда.
Пентагон расмий вакили Жон Кирби 2 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида, АҚШ Шарқий Европада хавфсизликни таъминлаш борасида Руминия, Польша ва Германияга 8,5 минг қўшин киритилиши ҳақида маълум қилган эди.
“Кучлар минтақа хавфсизлигини таъминлаш учун вақтинча муддатга юборилмоқда, улар Украина ҳудудида жанг қилмайди”, дея билдирган Пентагон расмийси.
Унинг қўшимча қилишича, ҳарбий кучлар минтақадаги иттифоқчиларни қўллаб-қувватлаш учун юборилмоқда. Маълум бўлишича, АҚШ томонидан Польшага 1,7 минг ҳарбий юборилади.
“Жешов яқинидаги Ясенка аэропортига бугун Польшага жойлаштириладиган АҚШ ҳарбийларидан иборат 82 ҳаво-десант дивизияси бўлган самолёт келиб қўнди”, дейилади PAP хабарида.
Бундан ташқари, кеча, 4 февраль куни Ясенка аэропортига АҚШ ҳарбийларини кутиб олиш ва уларни Польшага жойлаштиришда кўмаклашадиган илғор гуруҳдан иборат 7 та самоёт келиб қўнган.
Маълум қилинишича, уларнинг вазифаси Польша ҳудудига жойлаштириладиган АҚШ қўшинларига моддий-техник ёрдам кўрсатишдан иборат.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги пайтларда Россия-Украина можароси жиддий тус олган. Бир томонда Киевни қўллаётган АҚШ ва НАТО турган бўлса бошқа томонда урушга қарши ҳарбий тайёргарликларни бошлаб юборган Россия турибди.
Украинанинг тарафини олиб АҚШ Киевга 200 миллион доллар миқдоридаги, қарийб 500 тонна қурол-яроғ, 300 та Жевелин танкка қарши ўт очар техникалари ва 5 та МИ-17 вертолётини етказиб берганини билдирган. Бундан ташқари, 8 500 нафар ҳарбийни Шарқий Европага юбориш учун шай ҳолда ушлаб тургани ҳақида маълум қилган.
Буюк Британия Мудофаа вазирлиги эса Украинага элита бўлинмасининг 30 нафар ҳарбий хизмаитчисини, 2 000 та танкка қарши ракета ва қурол-яроғ юборилгани ҳақида хабар берган.
Бошқа томондан, Россия Украина баҳонасида “бурни тагига” тиқилиб олаётган НАТОнинг Шарқий Европа томон силжиб келишини қоралаб, унга қарши ўз ҳудуди ва Беларуснинг Украина билан чегарадош ерларида 100 000 дан ортиқ қўшин ва ҳарбий техникалар тўплаган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь