Хорижий ОАВ мухбирларининг фаолиятини тартибга солувчи қоидаларга қўшимча киритилади
Жамият
−
15 Апрель 2019
4652“Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатлар оммавий ахборот воситалари мухбирларининг касб фаолиятини тартибга солувчи Асосий қоидаларга қўшимча киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.
Мазкур қарорга биноан, Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 24 февралдаги 33-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 9-сон, 65-модда; 2016й., 25-сон, 308-модда;) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатлар оммавий ахборот воситалари мухбирларининг касб фаолиятини тартибга солувчи Асосий қоидаларнинг 6-бандига қуйидаги мазмундаги янги хатбоши қўшилиши кўзда тутилмоқда.
“Чет элда истиқомат қилаётган ватандошларимизга тегишли хорижий оммавий ахборот воситаларининг доимий мухбирини аккредитация қилиш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасасининг тавсияномалари асосида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат келиб тушганидан сўнг беш иш кунигача бўлган муддатда қабул қилинади. Ушбу Асосий қоидаларнинг 5-бандида талаб этилган ҳужжатларга қўшимча равишда аккредитация олиш учун таъсисчи (таъсисчилар) ва молиялаштириш манбалари тўғрисида маълумот ҳам тақдим этилиши зарур”.
Қарор қабул қилингач, вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштиришлари керак.
Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов зиммасига юкланади.