Рамзан Қодировнинг жияни “Жасорат” ордени билан тақдирланди
Олам
−
10 Май
4757Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг 27 ёшли жияни Ҳамзат Қодиров “Жасорат” ордени билан тақдирланди. Бу ҳақда бугун, 10 май куни Россия Давлат Думасига Чеченистондан сайланган депутат Адам Делимхонов маълум қилди.
Унинг ёзишича, орден билан тақдирлаш тўғрисидаги фармонни Россия Президенти Владимир Путин имзолаган.
Мукофот берилишининг аниқ сабаблари номаълум. Делимхонов ўз постида Ҳамзат Қодиров Россиянинг Украинага қарши урушининг бошиданоқ “чечен жангчиларини қўллаб-қувватлашда фаол иштирок этганини” таъкидлади.
Ҳамзат Қодиров Чеченистон Бош вазири ўринбосари, Мулк ва ер муносабатлари вазири ҳамда амакисининг хавфсизлик блокидаги ёрдамчиси ҳисобланади. Ўтган йили Ҳамзат Қодиров II даражали “Ватан олдидаги хизматлари учун” ордени билан тақдирланган. Унга Чеченистон Қаҳрамони унвони ҳам берилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Рамзан Қодиров Чеченистон Бош вазири ўринбосари лавозимини эгаллаб турган куёви Висхан Мацуевга “Чеченистон қаҳрамони” унвонини берганди. Қодиров 16 ёшли ўғли Адамни эса Владимир Путин номидаги Россия махсус кучлари университетига куратор этиб тайинлади.
LiveБарчаси