Рамзан Қодировнинг ўнг қўли русларни бештадан фарзанд кўришга чақирди
Олам
−
13 Май 2023
13615Чеченистоннинг “Ахмат” махсус кучлари қўмондони, Рамзан Қодировнинг ўнг қўли Апти Алаудинов русларни бештадан фарзанд кўришга чақирди. Бу ҳақда “Pravda.ru” хабар берди.
Қайд этилишича, Алаудинов рус халқини Россиянинг асоси деб атаган ва улар кўпроқ фарзанд кўришмаса, 50-100 йилдан кейин йўқ бўлиб кетадиган миллатга айланиб қолишларидан огоҳлантирган. У дунё аҳолиси 8 миллиарддан ошгани, Россиянинг аҳолиси сони эса 148 миллион кишига етганини эслатган.
“Шу билан бирга сиз билан мен дунёдаги энг катта мамлакатнинг аҳолисимиз, у сайёрамизнинг энг катта хом ашё ресурсларига эга. Аслида бизда ҳамма нарса бор. Шуни тушунишимиз керакки, агар руслар давлатни ташкил этувчи миллат сифатида фарзанд кўришни бошламасалар, 50-100 йилдан кейин улар йўқ бўлиб кетаётган халққа айланадилар. Шунингдек, бу Россияда яшовчи бошқа халқларнинг манфаатларига мос келмайди”, дейди у.
Алаудинов русларнинг асосий вазифаси урушда ғалаба қилиш билан бир қаторда фарзанд кўриш ҳам экани, акс ҳолда Россия ҳудудларига эгалик қилиш, уни бошқариш ва давлат хавфсизлигини таъминлаш учун ҳеч ким қолмаслигидан огоҳлантирди.
“Мен русларни камида бешта фарзандли катта оилалар яратишга чақираман. Нега русларнинг оиласи қадим замонлардан бери “семья” деб номланган?! Бу етти киши: ота-она ва камида бешта фарзанд деганидир”, дея хулоса қилади “Ахмат” қўмондони.
Россия ҳисоб палатаси 2020 йилда берган маълумотларга кўра, “Демография” миллий лойиҳаси ҳам ва ҳатто муҳожирлар оқими ҳам Россия аҳолиси сонининг камайиши муаммосига ечим бўла олмаяпти.
Демографларнинг айтишича, агарда репродуктив ёшдаги ҳар бир аёлга 2,2 тадан бола тўғри келса, миллат доимий равишда ўша миқдорда сақланиб қолади. Борди-ю ҳар бир аёл 1,1 тадан фарзандни дунёга келтирса, 25 йилдан сўнг репродуктив ядро икки бараварга қисқаради. Россиялик жамиятшунослар рус оилалари иккинчи ва учинчи фарзандни дунёга келтиришни камроқ истаётгани ва бунинг оқибатида миллат аста-секин йўқ бўлиб кетишидан огоҳлантириб келади.
Демограф Юрий Крупновнинг айтишича, ҳозирда Россияда ҳар бир оилага 1,5 тадан бола тўғри келади. У бу ҳолатни назарий жиҳатдан руслар тарихининг тугаши деб баҳолаган. Крупнов бунинг олдини олиш учун ҳар бир оила 2-3 тадан фарзанд кўришга ҳаракат қилиши кераклигини маслаҳат берган.
Маълумот учун, Россияда туғилиш кўрсаткичининг энг юқори даражаси 2015 йилга тўғри келади. Ўша йили ҳар бир рус оиласига 1,77 та бола тўғри келган. 2014 йил мамлакатда 2 миллион чақалоқ дунёга келган бўлса, 2016 йилдан бошлаб бу кўрсаткич пасайиб борган. 2021 йилда 1,3 миллион бола туғилган. Мазкур кўрсаткич 2022 йилда яна 6,3 фоизга пасайган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Япония шаҳарларидан бирида аҳоли сонининг камлиги оқибатида кадрлар етишмовчилиги кузатилган ва натижада ҳукуматни бошқариш учун сунъий интеллектдан фойдаланиш бошланганди.