Рамзан Қодировнинг 17 ёшли ўғли ИИВ куратори этиб тайинланди (видео)
Олам
−
01 Апрель 12683 2 дақиқа
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг 17 ёшли ўғли Адам Қодиров Ички ишлар вазирлигининг минтақавий бошқармаси куратори этиб тайинланди. Бу ҳақда “Кавказ.Реалии” хабар берди.
Чеченистон ИИВнинг янги куратори таништирилгандан сўнг саккиз нафар “мамлакат олдидаги хизматлари билан ажралиб турган ходимларга” шахсан медаль топширган. Улар “Чеченистон қаҳрамони” унвонига сазовор бўлган.
Тайинловдан сўнг Адам Қодировнинг тавсиясига биноан Чеченистон ИИВнинг ички хавфсизлик бошқармаси тезкор-тергов бўлимига янги раҳбар тайинланган. Ушбу лавозимни вазир ёрдамчиси Тимур Мусангузов эгаллаган. Ички ишлар вазири Аслан Ирасхановнинг сўзларига кўра, бундай қарор Чеченистон раҳбари топшириғи асосида қабул қилинган.
Маълумот учун, жорий йилнинг февраль ойи охирида ҳали вояга етмаган Адам Қодировга Араб арбитраж суди аъзоси гувоҳномаси умрбод муддатга берилган. Ушбу суд Араб давлатлари лигаси ҳузуридаги орган бўлиб, тижорий ва иқтисодий низоларни, шу жумладан, давлатлараро низоларни ҳал этиш билан шуғулланади. Шунингдек, Адам Қодировга “Ливия фахрий меҳмони” медали топширилган. Бу мукофот Чеченистон делегациясининг Мисрга ташрифи чоғида берилган.
2024 йил октябрь ойида Адам Қодиров Россия рекордлар китобига киритилиб, Россия ҳудуди раҳбарининг энг ёш хавфсизлик хизмати бошлиғи сифатида қайд этилган. Ўшанда у 16 ёшда эди. У отасининг хавфсизлигини таъминлаш бўлими раҳбари лавозимига 2023 йил охирида, 15 ёшида тайинланган. 2023 йил апрелида эса Владимир Путин номидаги Россия махсус кучлар университетининг куратори бўлган.
2023 йилда Адам Қодиров Чеченистонда ташкил этилган ва Байсангур Биноэвский номи билан аталувчи Россия Мудофаа вазирлигининг махсус батальони куратори лавозимига тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рамзан Қодировнинг қизи, Чеченистон Бош вазири ўринбосари Айшат Қодировага “Аҳмад-Ҳожи Қодиров хотираси” медали топширилган эди. Медални Қодировнинг ўзи қизига топширган.
Live
Барчаси