Рамоснинг “Севилья” бўйича савдоси барбод бўлди

Спорт

image
Испания терма жамоасининг собиқ ҳимоячиси Серхио Рамос бошчилигидаги инвесторлар гуруҳининг “Севилья” футбол клубини сотиш бўйича музокаралари барбод бўлди. Бу ҳақда EFE агентлигига таяниб, COPE нашри хабар берди.

Манбага кўра, инвесторлар дастлаб “Севилья”нинг 80 мингта акциясини сотиб олишни режалаштирган эди. Келишув қиймати клубнинг тахминан 90 миллион еврога тенг соф қарзини ҳисобга олмаган ҳолда, 450 миллион евро атрофида баҳоланган.

Бироқ учрашув давомида харидорлар аввалги таклифини бекор қилиб, янги шартларни илгари сурган. Унга кўра, улар клуб акцияларининг атиги 30 мингтасини сотиб олиш ва кейинчалик капитални ошириш жараёнида мустақил иштирок этишни таклиф қилган.

Шу тариқа, реал инвестиция ҳажми тахминан 100 миллион еврогача қисқартирилган. Акциядорлар фикрича, ушбу схема Серхио Рамосга клуб устидан “минимал харажатлар билан” назорат ўрнатиш имконини беради.

“Севилья”нинг амалдаги эгалари эса янги шартларни қабул қилиб бўлмайдиган деб баҳолаган ва потенциал харидорларни “нафақат молиявий, балки тўлов қобилияти жиҳатидан ҳам ишончсиз” деб атаган. Натижада беш ой давом этган музокаралар тўлиқ муваффақиятсиз якунланган.

Клуб раҳбарияти бошқа харид таклифлари пайдо бўлиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда кейинги мавсумга тайёргарликни бошлашни режалаштирмоқда.

Маълумот учун, 40 ёшли Серхио Рамос “Севилья” академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. У клуб сафида 2004–2005 ва 2023–2024 йилларда фаолият юритган. “Реал Мадрид” билан беш карра Испания чемпиони ва тўрт карра Чемпионлар лигаси ғолиби бўлган. Шунингдек, ПСЖ сафида икки марта Франция чемпионига айланган. Рамос Испания терма жамоаси билан 2010 йилда жаҳон чемпиони, 2008 ва 2012 йилларда эса Европа чемпиони бўлган

Мақола муаллифи

Теглар

Серхио Рамос Испания “Севилья”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг