Рақобат қўмитаси BYD автомобиллари импортини чеклаш бўйича муносабат билдирди

Жамият

image

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси ўринбосари Асадулла Қаюмов 20 март куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида BYD автомобиллари импортини чеклаш бўйича берилган топшириққа муносабат билдирди. Бу ҳақда АОКАнинг расмий саҳифасида маълум қилинди.

“2023 йилда истеъмолчилардан автомобиллар савдоси билан боғлиқ 957 та мурожаат келиб тушган ва бу мурожаатлардан 754 таси, яъни 78,7 фоизи қаноатлантирилиб, 140 тасига тушунтириш берилган. Мурожаатларни кўриб чиқишда 4 млрд сўмдан ортиқ маблағлар ҳисоб-китоб қилиб берилган, 60 та автомобиль сифатсиз бўлгани сабабли алмаштириб беришга эришилган. Мурожаатларнинг асосий қисми – 50 фоиздан ортиғи автомобилларни етказиб бериш муддати, 25 фоизи автомобиллар нуқсони билан боғлиқ”, дейди қўмита раиси.

Қаюмовнинг сўзларига кўра, кеча эълон қилинган қарор билан мавжуд рақобат қонунчилиги ва Жаҳон савдо ташкилоти нормаларидан келиб чиқиб таклиф киритиш топшириғи берилган.

“Эркин бозор тарафдоримиз. Рақобат нуқтаи назаридан энг мақбул нархларда, энг мақбул сифатда истеъмолчига етказиб берилиши учун шароит яратиш – бизнинг асосий вазифамиз. Шу нуқтаи назардан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бозорда мақбул рақобат муҳитини яратган ҳолда мақбул нархларда, мақбул сифатда автомобиллар етказиб бериш бўйича ўзимизнинг таклифларимизни ҳукуматга тайёрлаб берамиз”, дейди Рақобат қўмитаси раиси ўринбосари.

Қўмита раисининг яна бир ўринбосари Фаррух Карабаев ҳали чеклов киритилмаганини ва бу таклифлардан келиб чиқиб белгиланишини айтди. Шу билан бирга, таклифларни ишлаб чиқишда қабул қилинаётган қарор ва таклифларнинг ЖСТга аъзоликка таъсири бўйича баҳоланиши белгиланганини таъкидлади.

“Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, ҳали чеклов киритилиши бўйича аниқ фикрни айтишга эрта. Чунки (топшириқ) эълон қилинди, ҳеч ким компаниянинг ҳукуматга мурожаат қилишини чеклолмайди. Ҳар қандай хўжалик юритувчи эркин фаолиятда, ҳар қандай давлат органига мурожаат қилиши, таклиф киритиши мумкин”, дейди Фаррух Карабаев.

Эслатиб ўтамиз, кеча “BYD Uzbekistan Factory” компанияси Ўзбекистон ҳукуматига электромобилларнинг тартибсиз импортини чеклаш бўйича мурожаат қилгани, шу муносабат билан Президент тегишли вазирликлар ҳамда “Ўзавтосаноат” компаниясига жорий йилнинг 1 июлига қадар таклифлар ишлаб чиқиш бўйича топшириқ бергани хабар қилинган эди.

Маълумот учун, “BYD Uzbekistan Factory” қўшма корхонаси 2022 йилда “Ўзавтосаноат” (60 фоизлик улушдор) ва “BYD Europe B.V.” (Нидерландия) (40 фоизлик улушдор) компаниялари ўртасидаги шартнома асосида ташкил этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

#Узавтосаноат #BYD #автомобиль

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made

Мавзуга доир янгиликлар