Рафа Мир 10,5 йилга қамалиши мумкин
Спорт
−
06 Март 1262 2 дақиқа
Испаниянинг “Элче” клуби ҳужумчиси Рафа Мир жинсий ва жисмоний зўравонлик айбловлари билан 10,5 йилга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Бу ҳақда “Las Provincias” нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, футболчи 2024 йил сентябрь ойида Валенсия Фуқаролик гвардияси томонидан ҳибсга олинган. Прокуратура иддаосига кўра, Мир ўз уйида 21 ёшли аёлга нисбатан жинсий ва жисмоний тажовуз содир этган. Футболчи кўрсатма берганидан сўнг ҳибсдан озод қилинган ва кейинчалик жинсий тажовуз ҳақидаги айбловларни рад этган баёнот билан чиққан.
Нашрнинг ёзишича, прокурорлар футболчи учун жинсий тажовуз айблови бўйича 9 йил, жисмоний ва руҳий зўравонлик учун эса 18 ой қамоқ жазосини сўрамоқда. Шунингдек, Мирга нисбатан кейинги 13 йил давомида жабрланувчига 500 метр масофадан яқинлашишни тақиқловчи чеклов қўллаш, етти йил давомида назорат остидаги озодлик ҳамда етти йил давомида вояга етмаганлар билан ишлашни тақиқлаш чораси талаб қилинмоқда. Прокуратура бундан ташқари жисмоний зарар ва руҳий азоб учун 64 минг евро миқдорида компенсация тўлашни ҳам сўрамоқда.
Бундан ташқари, футболчи Пабло Харанинг дўсти жабрланувчининг 25 ёшли дугонасини таъқиб қилиш ва унга ҳужум қилишда ҳам айбланмоқда. Прокурорлар ушбу шахс учун уч йил қамоқ жазосини талаб қилган.
Маълумот учун, 28 ёшли Мир фаолияти давомида “Севилья” сафида ўйнаб, 2022-2023 йилги мавсумда UEFA Европа лигаси ғолибига айланган. У “Севиля” таркибида 105 та ўйинда майдонга тушиб, 24 та гол урган. Футболчи фаолияти давомида “Валенсия” сафида ҳам тўп тепган. 2025 йил август ойида эса ҳужумчи ижара асосида “Элче” клубига ўтган.
Live
Барчаси