Раъно Жўраева “Uzbekistan Airports” раҳбарлигидан кетди
Жамият
−
07 Август 2023
9525“Uzbekistan Airports” компанияси акциядорлари умумий йиғилишининг тегишли қарорига кўра, Раъно Фрунзеевна Жўраева билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. Бу ҳақда бугун, 7 август куни Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
“Икки ярим йиллик раҳбарлик фаолияти давомида Раъно Жўраева компанияда катта ўзгаришларни амалга оширишга эришди. Хусусан, аэропортлар инфратузилмасини ривожлантириш, компания бошқарув тизимини такомиллаштириш ҳамда молиявий–иқтисодий кўрсаткичларини яхшилаш борасидаги саъй-ҳаракатлари ўзининг ижобий натижасини берди”, дейилади вазирлик хабарида.
Шунингдек, йиғилишда Жўраеванинг ўрнига “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамиятининг бошқарув раиси вазифасини бажарувчи этиб Жавлонбек Ойбекович Умархўжаев тайинланган.
Маълумот учун, 2021 йилнинг февраль ойида “Uzbekistan Airports” компаниясига Россиядаги узоқ йиллик фаолиятидан кейин Ўзбекистонга қайтган Раъно Жўраева раҳбар этиб тайинланган. Ўшанда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов “Uzbekistan Airports”нинг янги раҳбарини шахсан ўзи таништирган эди.
LiveБарчаси