Раҳмон Путин резиденциясига исботсиз ҳужумни қоралади

Олам

image

Россия ва Тожикистон Президентлари Владимир Путин ва Имомали Раҳмон телефон орқали Киевнинг Россия раҳбари қароргоҳига амалга оширгани айтилаётгани, аммо ҳали исбот талаб қилаётган ҳужуми бўйича фикр алмашдилар. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди. 

“Имомали Раҳмон 28-29 декабрга ўтар кечаси Новгород вилоятидаги Россия Президенти қароргоҳига Украина ҳужумкор дронларининг мисли кўрилмаган ҳужумини қаттиқ қоралади. Ушбу қўпол провокация Украина инқирозини тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича Россия-Америка алоқаларининг интенсивлиги фонида содир бўлганлиги алоҳида таъкидланди”, дейилади баёнотда. 

Кремлнинг таъкидлашича, Киев режимининг ушбу бепарволик ҳаракати бўйича фикр алмашгандан сўнг, раҳбарлар бир-бирларини Янги йил билан самимий табриклаган.

Суҳбат давомида томонлар Афғонистондаги воқеаларни ҳисобга олган ҳолда минтақавий масалаларга ҳам тўхталиб ўтган. 

Бундан ташқари, Россия-Тожикистон стратегик шериклиги ва иттифоқини янада мустаҳкамлашга ўзаро садоқат тасдиқланди.

Ростлиги ноаниқ ҳужум

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Киев 2025 йилнинг 29 декабрь куни кечаси Путиннинг Новгород вилоятидаги давлат қароргоҳига 91 та учувчисиз учиш аппарати ёрдамида ҳужум уюштирганини хабар қилди. Барча дронлар йўқ қилинди. Вазир қурбонлар ёки зарар ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқлигини айтди. 

Ўз навбатида, Россия Президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг хабар беришича, Путин телефон орқали суҳбатда АҚШ Президенти Дональд Трампнинг эътиборини Киевнинг Мар-а-Лагода бўлиб ўтган АҚШ-Украина музокараларидан сўнг деярли дарҳол содир бўлган ҳужумига қаратган ва бу энг жиддий жавобсиз қолмаслиги ҳақида огоҳлантирган. Россия раҳбари шунингдек, Америка раҳбарига Украинадаги можарони ҳал қилиш бўйича музокаралардаги Россиянинг позицияси қайта кўриб чиқилишини айтган.

АҚШ Марказий разведка бошқармаси эса Украинани Россия Президенти Владимир Путиннинг Новгород вилояти – Валдайдаги қароргоҳига ҳужум қилишга уринган, деб ҳисобламайди. МРБ хулосасига кўра, 29 декабрга ўтар кечаси украин дронлари Путиннинг қароргоҳи жойлашган ҳудуд билан бир минтақадаги ҳарбий объектга зарба беришга уринган, бироқ ушбу объект қароргоҳга яқин жойлашмаган.

МРБ директори Жон Рэтклифф разведка хулосаларини АҚШ Президенти Дональд Трампга етказган. Орадан кўп ўтмай, Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида “New York Post” газетасининг таҳририй мақоласига ҳавола эълон қилган. Унда Украина Путиннинг қароргоҳига зарба бермагани айтилган. Трамп ушбу ҳаволани мақола сарлавҳаси – “Путиннинг “ҳужум” ҳақидаги шов-шувли баёнотлари айнан Россия тинчликка тўсқинлик қилаётганини кўрсатади” билан бирга жойлаштирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилиб, айтилаётган ушбу ҳужум қилишга уринишни қоралаган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Имомали Раҳмон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг