Раҳмон Мирзиёевга қирғиз-тожик чегарасидаги вазият ҳақида маълумот берди
Жамият
−
20 Сентябрь 2022
6770Бугун, 20 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Тожикистон Президенти Матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбат чоғида Имомали раҳмон Ўзбекистон Президентига тожик-қирғиз чегарасидаги вазиятнинг сўнгги ўзгаришлари ҳақида ҳам маълумот берди.
Шу билан бирга, давлат раҳбарлари Самарқандда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Саммити якунларини муҳокама қилди. Шу нуқтаи назардан, Имомали раҳмон ушбу муҳим минтақавий тадбирнинг ташкилий ва мазмун-моҳиятига юксак баҳо берган.
Тожикистон Президенти Ўзбекистон Республикаси Президентига самимий қабул ва анъанавий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирган ҳамда давлат раҳбарларининг учрашуви якунида ташкилот фаолиятининг турли йўналишлари бўйича қарор ва ҳужжатларнинг салмоқли пакети қабул қилинганини юқори баҳолаган.
Томонлар стратегик шериклик ва иттифоқчилик доирасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка оид айрим долзарб масалаларни ҳам муҳокама қилган.
Аввалроқ Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида чегарадаги вазиятни барқарорлаштириш ва икки давлат ўртасида тинчлик ўрнатиш бўйича протокол имзолангани ҳақида хабар берган эдик.
Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида можаро
Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегарадаги вазият 14 сентябрь куни Боткен вилоятидаги учта участкада чегарачилар ўртасида отишма бошланганидан кейин кескинлашди. Томонлар бир неча бор ўт очишни тўхтатиш бўйича келишиб олганига қарамай, келишувлар ҳар сафар муваффақиятсизликка учради.
Қирғизистон расмийлари Тожикистонни чегарага оғир ҳарбий техникани тортиб келишда ва Қирғизистон ҳудудини ўққа тутишда “барча мавжуд арсеналдан” фойдаланганликда айблади. Мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тўқнашув зонасидан 136 минг киши эвакуация қилингани, Боткен вилоятида фавқулодда ҳолат режими жорий этилганини ҳақида маълум қилди.
Айни пайтда Тожикистон қирғиз кучларини Тожикистон чегарасидаги қатор аҳоли пунктларини “оғир қуроллардан” ўққа тутишда айблади. Ҳозирда икки давлат ўт очишни тўхтатиш ва қўшинларни чегара ҳудудидан олиб чиқиш бўйича келишувларга амал қилмоқда.
Икки давлат чегарасида 70 га яқин баҳсли участкада белги қўйилмагани сабабли мунтазам равишда можаролар чиқиб туради. Умуман олганда, 2022 йил июль ойи ҳолатига кўра, мамлакат чегараларининг 972 километридан 600 километрга яқини келишилган.
LiveБарчаси