“Quramax” судда ютиб чиқди
Интервью
−
13 Май 2023
34924Шу йилнинг 13 январь куни Тошкент туманлараро иқтисодий судида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг “Quramax Medikal” МЧЖга фармацевтика фаолиятини амалга ошириш учун берилган лицензияcи бекор қилинган эди.
Шунингдек, суд қарори билан корхонага тегишли бир неча миллион долларлик барча турдаги дори воситалари йўқ қилиниши белгиланганди. Мазкур суд қарори устидан Тошкент шаҳар иқтисодий судига киритилган аппелация шикояти ҳам фойда бермагач, “Quramax” корхонаси Ўзбекистон Республикаси Олий судига кассация тартибида шикоят аризасини киритган ва судда ғолиб бўлган. Бу ҳақда корхона адвокати, юрист Даврон Аҳматов QALAMPIR.UZ мухбири билан суҳбатда маълум қилди.
“Кассация суди ишни кўриб чиқиб, қуйи судларнинг қарорларини бекор қилди. Қарорнинг дори воситаларинининг барчасини йўқ қилиш ҳақидаги қисмини ўзгартириб, Фармасевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги даъвосининг фақатгина “Док-1 Макс” ва “Амбронол” дори воситаларини йўқ қилиш қисми қаноатлантириб, корхонанинг барча дориларини йўқ қилиш ҳақидаги қарор бекор бўлди”, деди Аҳматов.
Аммо бу қарор бекор бўлгунча, Ўзбекистондаги дорихоналардан “Quramax Medikal”нинг барча дорилари аллақачон олиб ташланган ва ҳатто олиб ташланмаганлари юзасидан “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати текширув ўтказган эди.
“Мониторингдан маълум бўлишича, айрим дорихоналарда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан сотуви тўхтатилган дори воситалари эркин сотувда мавжуд. Хусусан, Қашқадарё вилояти (Қарши шаҳри) ва Сурхондарё вилоятининг айрим дорихоналарида (Жарқўрғон туманидаги “Сурхон Марказий”, “Дўстлик” маҳаллаларида) Ҳиндистоннинг “Marion Biotech Pvt. Ltd.” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган “Нолгрипп Жуниор” йўталга қарши сиропи, “Травамакс”, “Нолгрипп” ва “Цинепар” таблеткалари ва пастиллари дорихона расталарида мавжудлиги аниқланган”, дея ёзилган эди “Юксалиш”нинг таҳлилида.
Хўш, ССВ ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан “таъқиқланган” ва “ноқонуний” деб айтилган бу дорилар энди “қонуний”га айланди. Энди корхонанинг зарарини ким қоплайди?
“Quramax Medikal” МЧЖ дори воситаларининг асоссий ва ноқонцний тўхтатиб қўйилиши ортидан жуда катта моддий зарар кўрди ва ҳалигача зарар кўряпти. Ахир булар тош эмас дорилар. Уларнинг яроқлилик муддати бор. Шунинг учун асоссиз равишда сотилиши тўхтатиб қўйилган дори воситаларининг муддати ўтишидан бугун биз зарар кўряпмиз. Бу моддий зарар. Шунингдек, биз репутацион жиҳатдан ҳам зиён кўрдик. Энди корхонанинг олдинги обрўсини қайтаришга вақт, пул ва имконият керак. Шунинг учун, давлат органлари суд қарори чиқмасдан, тергов органларининг хулосаси бўлмасдан, жиноят ишлари бўйича суднинг ҳукми чиқмасдан туриб олдиндан хулоса чиқармаслиги керак эди”, деди юрист.
Шунингдек, у корхона кўрилган моддий зарар учун давлат органларининг ўзини судга бермоқчилигини маълум қилди. Бундан ташқари “Quramax Medikal” МЧЖ Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бекор қилинган лицензиясини яна қайта тикламоқчи.
Маълумот учун, 13-14 апрель кунлари пойтахтда бўлиб ўтган Ўзбекистон –Ҳиндистон соғлиқни сақлаш халқаро форуми давомида ҳам Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси “Док-1 Макс” мавзусига қайтиб, Ҳиндистон Ўзбекистондаги болалар ўлими ҳолатини осон қабул қилмагани, бу воқеадан улар ҳам бирдек ташвишда эканини айтган эди.
“Биз очиқчасига тан олишимиз керак, ўтган йилнинг декабрь ойида мамлакатда ҳинд компаниялари томонидан этказиб берилган ифлосланган дори воситаларини ҳаддан ташқари кўп дозада қабул қилиш билан боғлиқ нохуш ўлим ҳолатлари кузатилди.
Жаноб вазир, сизни ишонтириб айтмоқчиманки, Ҳиндистон бу воқеани, албатта, енгил қабул қилмайди. Биз буни жуда жиддий қабул қиламиз. Биз 30 миллиард доллардан ортиқ фармацевтика маҳсулотларини дунёнинг ҳамма жойига, шу жумладан АҚШ ва Европа каби ривожланган ва яхши тартибга солинадиган мамлакатларга етказиб берамиз.
Ҳиндистон дунё дорихонаси қиёфасига эга. Биз Ҳиндистоннинг обрўсига путур етказилишини асло истамаймиз. Албатта, Ўзбекистон ҳукумати ва Ҳиндистон ҳукумати мудҳиш воқеа бўйича ўзаро мулоқот олиб бормоқда. Қарши чора сифатида Ҳиндистондаги тегишли заводларнинг лицензияларини тўхтатиб турилди.
Айрим ҳибсга олинганлар билан эса тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунинг учун барчангизга энди хавотирларсиз Ҳиндистондан Ўзбекистонга импорт ва тиббий аксессуарлар экспорт қилинишда давом этишингизни истардим.
Илтимос, биз энг яхши сифат, энг яхши стандарт сифатида ишлаётганимизга ишонч ҳосил қилинг. Ўзбекистон 36 миллион кишилик катта бозор ва бу ерда соғлиқни сақлаш тизими бор. Ўзбекистон ҳукуматининг соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётгани таҳсинга сазовор ва бу йўлда Ҳиндистон асосий ҳамкор, дўст сифатида туриши ва Ўзбекистонда ушбу соҳани ривожлантириш учун ҳамма нарсани қилиши керак”, деган эди Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Маниш Прабхат вазир Амрилло Иноятовга юзланиб.
QALAMPIR.UZ эса мавжуд имкониятдан фойдаланиб Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирига микрафон тутган ва ундан “Док-1 Макс” бўйича касалланган бошқа болаларнинг аҳволи қандайлиги ҳақида сўраганди.
“Биз ноябрь-декабрь ойларида республиканинг барча ҳудудларидан “Док-1 Макс”дан касалланган 30 нафар болаларни “Болалар миллий маркази”га олиб келиб, 100 фоиз даволаб, ҳаммасини оиласининг бағрига қайтарганмиз. Охирги уч ойда битта ҳам касалланиш ҳолати кузатилмади”, деди вазир саволга жавобан.
Мавзуга доир тўлиқ видеони QALAMPIR.UZ’нинг Youtube саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси