Қозоғистондан хушхабар келди
Спорт
−
17 Сентябрь 2019
6847Бугун, 17 сентябрь куни Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳри мезбонлик қилаётган спорт курашлари бўйича жаҳон чемпионатида аёллар кураши бўйича саралаш баҳслари ва юнон-рум курашида медаллар учун курашадиган спортчилар гиламда ўзаро баҳслашади.
Унга кўра аёллар курашида ўзбекистонлик Даулетбике Яхшимуратова (50 килограмм) ҳамда Актенге Кеунимжаева (53 килограмм) Токио-2020 олимпиадаси йўлланмаларига эга чиқиш учун курашса, яна бир Ўзбекистон вакили Севара Эшмуратова (55 килограмм) курашадиган вазн тоифаси Олимпия ўйинлари дастурига киритилмагани боис у фақат жаҳон чемпионлиги учун беллашади.
Юнон-рум кураши бўйича кечаги баҳслар якунига кўра терма жамоамиз аъзоларидан Элмурат Тасмурадов ва Жалғасбой Бердимуратов чемпионлик учун курашиш имкониятидан маҳрум бўлганди. Аммо, уларни мағлуб этган полвонларнинг финалга қадар етиб бориши ўзбек спортчиларига бронза медали ҳамда олимпиада йўлланмаси учун курашиш имкониятини тақдим этди.
Дастлаб терма жамоанинг тажрибали спортчиси, Рио Олимпиадаси совриндори Элмурат Тасмурадов (60 килограмм) 3-ўрин учун кечган баҳсда молдовалик Виктор Сиобану билан ўзаро беллашди ва муросасиз кечган баҳсда юртдошимизнинг қўли баланд келди. Натижада Тасмуратов бугун кечки дастурда бронза медали учун курашадиган бўлди. Аммо, асосийси Элмурат олимпиада ўйинлари йўлланмасини қўлга киритди.
Ушбу йўналишдаги яна бир спортчи Жалғасбой Бердимуратов (77 килограмм) эса Литва терма жамоаси аъзоси Паулиус Галкинасга қарши баҳс олиб борди.
Қизиқарли кечган баҳсда Жалғасбой рақибидан устун келди ва 3-ўрин учун курашиш имконияти билан бирга Токио олимпиадаси йўлланмасига сазовор бўлди.
Энди у бронза медали учун кечадиган баҳсда мезбон курашчи Асхат Дилмуҳаммедовга қарши гиламга чиқади.
Таъкидлаш керак, айни пайтга келиб ўзбекистонлик спортчиларнинг Токио-2020 олимпиадаси учун қўлга киритган лицензиялари сони еттитага етди.
LiveБарчаси