QALAMPIR.UZ'нинг журналистларга дахлсизлик бериш ҳақидаги таклифи Парламентда кўриб чиқилади
Жамият
−
14 Июль 2021
4241Ўзбекистонда журналистлар дахлсизлигини таъминлаш масаласида амалий ишлар бошланди. QALAMPIR.UZ асосчиси Қамариддин Шайховнинг журналистларга дахлсизлик ҳуқуқини бериш борасидаги таклифи Олий Мажлис Сенатининг янги ташкил этилган Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси ва Журналистлар ижодий уюшмаси томонидан атрофлича ўрганиб чиқилмоқда. Бу ҳақда бугун, 14 июль куни Миллий матбуот марказида бўлиб ўтаётган матбуот анжуманида уюшма раиси Олимжон Ўсаров маълум қилди.
“Мамлакатимиз раҳбарининг 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан йўллаган табригида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари томонидан оммавий ахборот воситалари ижодий фаолиятига тўсқинлик қилиш, цензура ўрнатиш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашиш, таҳририят ходимларига босим ва тазйиқ ўтказиш, материаллар ва зарур техник воситаларни улардан ғайриқонуний равишда олиб қўйиш ҳаракатлари содир этилгани учун жавобгарликни назарда тутадиган моддаларни кучайтириш зарурлиги қайд этиб ўтилган эди.
Бугун бир муҳим масала юзага келмоқда –бу журналистнинг дахсизлик ҳуқуқи масаласи. Мана шу масалада QALAMPIR.UZ сайтининг асосчиси Қамариддин Шайхов ҳам чиқиш қилди. Ушбу масалани Сенат ёки Парламент билан кўриб чиқиш бугунги кундаги энг долзарб масалалардан бири бўлиб турибди.
Биз бугун оммавий ахборот воситаларини тўртинчи ҳокимият сифатида эътироф этамиз. Журналист ўз касбий фаолиятини амалга ошириш чоғида унинг дахлсизлиги кафолатланмаган. Яъни исталган шахс унинг фаолиятига тўсқинлик қилиши ҳолати кузатилмоқда. Агар кузатадиган бўлсак, адвокатларнинг ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг фаолиятини амалга ошириш чоғидаги дахлсизлик ҳуқуқи кафолатланган”, дейди Олимжон Ўсаров.
QALAMPIR.UZ раҳбари Қамариддин Шайхов кеча, 9 июль куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатида бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси биринчи йиғилишида журналистларга дахлсизлик ҳуқуқини бериш ҳақида сўз очганди.
“Бугун жуда долзарб масалалар ҳақида гаплашяпмиз. Булар ҳақида гапириш ва ёзиш учун журналистнинг отнинг касалласидек юраги бўлиши керак. Айтайлик, коррупция масала унча-бунча амалдорларни чўчитади. Бугун бундай масалаларни кўтараётган журналистларнинг дахлсизлиги борми? Қонунга кўра, журналист бошқа фуқаролар каби шахсий дахлсизлик ҳуқуқларидан фойдаланишга ҳақли. Тамом! Биз, журналистлар адвокатлардан кам иш қиляпмизми? Ёки депутатлардан кам фойда келтиряпмизми? Ҳолбуки, журналистни бугун туҳмат билан жиноий жавобгарликка тортиш осон бўлган даврда яшаяпмиз. Ва журналистлар қачон қайси ташкилотларга чақирилаётганини ҳам жуда яхши биламиз”, деган эди Қамариддин Шайхов.
QALAMPIR.UZ раҳбари журналистларга дахлсизлик ҳуқуқини бериш ва олиш шунчаки қайси идоралар қошидаги ташкилотлар томонидан эмас, балки Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси мажлиси қарори билан амалга оширилиши кераклигини илгари сурди.
“Агар бугун журналистлар дахлсизлиги муҳим масала сифатида кўриб чиқилмас экан, журналистларга дахлсизлик бериш масаласи ҳал қилинмас, берилганда ҳам буни фақат Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси орқали амалга оширилишини ҳал этмас эканмиз, натижа бўлмайди. Ва журналистлар ички цензорини кучайтириб яшашда давом этади. Дахлсизлик масаласи ҳал этилмагунча, очиқлик ва ошкораликда янги босқичга кўтарила олмаймиз, сўз ва матбуот эркинлиги ҳам хаёлларда қолаверади”, деганди Шайхов.
LiveБарчаси