“Путиннинг одамлари” китобида Усмонов ҳақидаги “бўҳтонлар” тузатилди 

Олам

image

“Путиннинг одамлари” китобини чоп этган Британиянинг HarperCollins нашриёт уйи китобда россиялик миллиардер Алишер Усмонов номи тилга олингани сабабли унга ўзгартиришлар киритди. Бу ҳақда РБКга тадбиркорнинг вакили маълум қилди.  

Унинг сўзларига кўра, китобнинг 2020 йилда чоп этилган биринчи нашрида Усмонов “Газпром”даги мансабидан фойдаланиб, бойлигини кўпайтиргани ҳақида ёлғон маълумотлар бор эди. Китобнинг қайта кўриб чиқилган нашрида Усмонов Британия элитасига “пора беришга” уринганлиги ва у Кремлнинг “ишончли одами” ҳисоблангани ҳақидаги сўзлар ҳам чиқариб ташланган. 

“Китобга ўзгартириш киритиш бўйича суддан ташқари келишувга эришиш мумкин эди”, деган Усмоновнинг вакили. 

Усмоновнинг бизнес шериги Фарҳод Моширийнинг аниқлик киритишича, миллиардер эътироз билдирган баёнотлар аллақачон китобнинг электрон ва аудио версияларидан олиб ташланган ва улар янги босма нашрларда ҳам бўлмайди. HarperCollins ва китоб муаллифидан изоҳ олишнинг иложи бўлмаган. 

“Путиннинг одамлари” китоби “Financial Times” газетасининг Москвадаги собиқ мухбири Кэтрин Белтон томонидан ёзилган. 2020 йилда “Путиннинг одамлари” Британиянинг “The Times”, “The Sunday Times” ва “Daily Telegraph” газеталари томонидан йил китоби деб тан олинган. 

“Путиннинг одамлари” нашр этилганидан кейин россиялик миллиардерлар Михаил Фридман, Пётр Авен, Роман Абрамович, шунингдек тадбиркор Шалва Чигиринский ва “Роснефть” компанияси HarperCollins устидан судга мурожаат қилган. Фридман, Авен ва Абрамович аллақачон китобга тузатишлар киритишга эришган.


Мақола муаллифи

Теглар

китоб Усмонов Путиннинг одамлари

Баҳолаганлар

298

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг