Путиннинг Конституция бўйича таклифи Думага киритилди
Олам
−
20 Январь 2020
5449Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин мамлакат Конституциясига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қонунни кўриб чиқиш учун Думага киритди.
Қонунни кўриб чиқишда конституцион комиссиядан Клишас, Крашенинников ва Хабриева Президент вакили сифатида иштирок этади.
Тузатишлар нимадан иборат?
Аввало бир одам икки муддатдан ортиқ Россия Президенти лавозимини эгаллашини тақиқлаш режалаштирилган. Бундан ташқари, Конституцияга пенсияларнинг мажбурий индексация қилиниши киритилади ҳамда иш ҳақининг энг кам миқдори яшаш минимумидан паст бўлмаслиги мустаҳкамланади.
Шунингдек, Россия Президенти ҳозирча қабул қилинмаган қонун бўйича мақоми белгиланадиган давлат кенгашини тузишга масъул бўлади.
Лойиҳада юқори лавозимли амалдорларга бошқа давлат фуқаролигига эга бўлишни тақиқлаш, Бош вазир ва Ҳукумат аъзоларини тасдиқлашни Президентдан Давлат думасига ўтказиш ва федерация кенгашига судьяларни лавозимидан озод қилиш ҳуқуқини бериш кўзда тутилган.
Маълумотларга кўра, Давлат думаси қўмитаси лойиҳани 21 январда кўриб чиқади, парламент қуйи палатаси эса ҳужжатни 23 январда муҳокама қилади. Шундан сўнг лойиҳа халқ муҳокамасига қўйилади.
Эслатиб ўтамиз, 15 январь куни Владимир Путин парламентга мурожаатида Конституцияга Президент ва Ҳукуматнинг ваколатлари бўйича ўзгартиришлар киритишни таклиф қилганди. Таъкидлаш керакки, Путин мурожаатидан кейин РФ Ҳукумати тўлиқ таркибда истеъфо берганди.