Путиннинг қарори “қиммат”га тушди. ЕИ ҳам Россия банкларига санкция киритяпти
Олам
−
22 Февраль 2022
12127Европа Иттифоқи Россия армиясини молиялаштирган учта банкка нисбатан санкциялар жорий қилади. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Қайд этилишича, Европа Иттифоқи Россия ДХР ва ЛХРни тан олгани учун мамлакатнинг учта банки – ВЭБ, “Россия” банки ва Промсвязьбанкга қарши санкциялар жорий қилишни режалаштирмоқда. Санкция қўлланишига банкларнинг Россия армиясини молиялаштиргани сабаб қилиб кўрсатилган.
“Россиянинг Донецк халқ республикаси ва Луганcк халқ республикасини тан олиш ҳақидаги қарори ноқонунийдир”, деган Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен.
Унинг сўзларига кўра, бугун, 22 февраль оқшомига қадар Ташқи ишлар вазирлари ЕИ Россияга қарши жорий қиладиган санкцияларнинг якуний рўйхатини келишиб олган. Россия мудофаа саноати билан ишлайдиган банкларга нисбатан чеклов чоралари кўрилади.
“Bloomberg”да қайд этилишича, Британия Бош вазири Борис Жонсон парламентда Россиянинг бешта банки ва Россия Федерациясининг уч фуқаросига қарши алоҳида санкциялар жорий этилишини маълум қилган.
Британия Бош вазирининг таъкидлашича, Борис ва Игорь Ротенберг, Геннадий Тимченко ҳамда Промсвязьбанк, “Россия” банки, Саноат жамғарма банки, Қримнинг иккита – “Қора денгиз” тараққиёти банки ва Генбанкка қарши санкциялар жорий этилмоқда.
“Уларнинг Буюк Британиядаги барча активлари музлатилади, манфаатдор шахсларнинг бу ерга кириши тақиқланади. Бундан ташқари, Британиянинг барча жисмоний ва юридик шахсларига мазкур банклар билан бизнес юритишни тақиқлаймиз”, деган Жонсон.
Борис Жонсонга кўра, бу санкцияларнинг биринчи тўлқини ҳисобланади. Агар вазият янада кескинлашса, Британия АҚШ ва Европа Иттифоқи билан биргаликда бошқа санкцияларни ҳам қўллайди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ Президенти Жо Байден айрим шахсларнинг мулкини блоклаш ва айрим операцияларни тақиқловчи фармон қабул қилди. Ҳужжат ДХР ва ЛХРга сармоя киритишни, шунингдек, ушбу минтақалардан ҳар қандай товарлар, хизматлар ёки технологияларни Қўшма Штатларга импорт қилишни тақиқлайди.
Бундан ташқари, ушбу фармон ўзини мустақил деб эълон қилган республикаларда ҳаракат қилишга қарор қилган ҳар қандай шахсга нисбатан жазо чораларини қўллаш имконини беради.
Қўшма Штатларда жойлашган ёки кейинчалик АҚШга кирадиган, ДХР ва ЛХР билан боғлиқ шахсларга тегишли бўлган барча мулк ва мулкдаги улушлар блокланади.
Шунингдек, АҚШ бугун, 22 февраль куни Донецк ва Луганск халқ республикаларини тан олгани учун Россияга нисбатан чеклов чораларини жорий қилади.
LiveБарчаси