Путинни Киевга таклиф қилиш нотўғри – Ермак 

Олам

image
0:00
0:00
download

Россия раҳбари Владимир Путинни Украина Президенти Владимир Зеленский билан икки томонлама муносабатларни муҳокама қилиш учун Киевга таклиф қилиш нотўғри. Украина Президенти девони раҳбари Андрей Ермак шундай демоқда.  

“Йўқ, менимча, бу нотўғри”, деган Ермак Путинни музокаралар учун Киевга таклиф қилиш ҳақидаги саволга жавобан.

Шунингдек, у Украина раҳбари Россия Президентига “қуролли ҳаракатлар давом этаётган Донбасс вилоятининг исталган жойида учрашишни” таклиф қилганини эслатган.

Ермакнинг сўзларига кўра, Зеленскийнинг бундай таклифи Украина музокараларни давом эттиришга тайёрлигини кўрсатмоқда. 

“Ва буни ҳар куни украиналик ҳарбийлар ўз ватанини ҳимоя қиладиган ва ўз ҳаётларини хавф остига қўядиган жойда қилиш керак”, деб қўшимча қилган идора раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, 21 апрель куни Украина Президенти Владимир Зеленский Россия Президенти Владимир Путинни ҳарбий ҳаракатлар кетаётган Донбассда учрашишни таклиф қилганди. 

Путин бунга жавобан ҳар қандай қулай вақтда икки томонлама муносабатларни Москвада муҳокама қилишга тайёрлигини эълон қилди. 

Кейинчалик, Украинанинг собиқ Президенти, Донбассдаги можарони ҳал қилиш бўйича алоқа гуруҳидаги Украина делегациясининг амалдаги раҳбари Леонид Кравчук Зеленский Москвага бормаслигини айтди. 

Маълумот ўрнида, сўнгги ойларда Россия ва Украина ўртасидаги муносабат совуқлашиб бормоқда. Бунга бир томондан Украинанинг НАТО ҳарбий блокига қўшилиш йўлидаги ҳаракатлари, иккинчи томондан эса Россиянинг бевосита Украина билан чегарасига 100 мингдан ошиқ қўшин тўплагани сабаб бўлмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Путин Зеленский

Баҳолаганлар

179

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг