Зеленский Москвага бормайди – Украинанинг биринчи Президенти

Олам 7652
image

Украина Президенти Владимир Зеленский ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг ўзаро музокаралари ҳеч қандай вазиятда ҳам Москвада ўтказилмайди. Бу Украинанинг собиқ Президенти, Донбассдаги можарони ҳал қилиш бўйича алоқа гуруҳидаги Украина делегациясининг амалдаги раҳбари Леонид Кравчук айтиб ўтди.

“Украина Президенти Донбассдаги можаролар масаласини ҳал қилиш бўйича, ҳеч қачон Москвага бормайди. Aгар Путинда Украина ва Россия ўртасидаги муносабатлар юзасидан глобал миқёсида музокара ўтказиш ғояси бўлса, у ҳолда ушбу музокаралар фақат бетараф давлатда ўтказилиши мумкин”, дейди Кравчук.

Кравчук икки давлат ўртасидаги музокараларга Финляндия ва Швейцария мезбонлик қилиши мумкинлигини қўшимча қилган.

Шунингдек, сиёсатчи Донбасснинг Украина томонидан назорат қилинмайдиган ҳудуди ҳам учрашув жойига айланиши мумкинлигини таъкидлаган.

“Зеленский Донбассдаги учрашув Украинанинг назорати остидаги ҳудудда бўлиши зарурлигини айтмаган. Учрашув Донбасснинг исталган жойида, яъни Донецк, Луганск ёки ушбу икки вилоятнинг Украина томонидан назорат қилинмайдиган алоҳида туманларида хам бўлиши мумкин”, деган Леонид Кравчук.

Аввалроқ, Владимир Зеленский Владимир Путинни Донбассда учрашишга таклиф қилгани хақида хабар бергандик. Кейинроқ, ушбу таклифга жавобан Россия Президенти ҳар қандай қулай вақтда Украина раҳбари Владимир Зеленский билан икки томонлама муносабатларни Москвада муҳокама қилишга тайёр эканини эълон қилганди.

Маълумот ўрнида, Леонид Кравчук Украинанинг биринчи Президенти ҳисобланади. У 1991-1994 йиллар оралиғида мамлакатга раҳбарлик қилган.

Сардор Тўланбоев

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 269
Рейтинг: 2.9
t
×