Путинни ҳибсга олиш учун ордер берган прокурор ишдан олинди
Олам
−
09 Июнь 8472 2 дақиқа
Россия Президенти Владимир Путинни ҳибсга олиш ордерини берган Халқаро жиноий суд (ХЖС) бош прокурори Карим Хон жинсий зўравонлик ва тегажоғлик ҳақидаги айбловлар сабаб лавозимидан вақтинча четлатилди. Бу ҳақда “The New York Times” хабар берди.
Халқаро жиноий суд сайтида эълон қилинган баёнотга кўра, четлатиш ҳақидаги қарор дарҳол кучга кирган. Интизомий иш судга аъзо давлатлар ассамблеяси кўриб чиқишига юборилган. Шунингдек, масалани муҳокама қилиш учун яқин вақт ичида махсус сессия чақирилиши режалаштирилган.
Суд баёнотида таъкидланишича, прокурорнинг четлатилиши якуний қарор эмас. Қарор БМТнинг Ички назорат бошқармаси ўтказган текширув ҳисоботи, мавжуд далиллар, суд экспертларининг тавсиялари ва ёзма материаллар асосида қабул қилинган.
2024 йил ноябрь ойида Халқаро жиноий судга аъзо давлатлар ассамблеяси Карим Хонга нисбатан жинсий тегажоғлик бўйича текширув бошлаган эди. Унга ваколатларини топшириш тавсия қилинган. 2025 йил май ойида эса айбловлар фонида маъмурий таътилга чиққан.
Карим Хон 2023 йилда Владимир Путин ва Россиянинг болалар ҳуқуқлари бўйича вакили Мария Львова-Беловани ҳибсга олиш бўйича ордер чиқарган эди. Шундан сўнг Россия Тергов қўмитаси унга ва ХЖС судьяларига нисбатан жиноий иш қўзғатган.
Кремль Россия Халқаро жиноий суд юрисдикциясини тан олмаслигини бир неча бор таъкидлаган. Президент матбуот котиби Дмитрий Песков суд қарорларини ҳуқуқий нуқтаи назардан ҳақиқий эмас деб баҳолаган.
2024 йилда ХЖС Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳамда мамлакатнинг собиқ мудофаа вазири Йоав Галлантни ҳибсга олиш ордерини ҳам чиқарган эди. Шундан кейин АҚШ судга қарши санкциялар жорий қилиб, ХЖСни ваколатларини суиистеъмол қилишда айблаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия суди Гаагадаги Халқаро жиноий суд прокурори ва саккиз судьяни Россия фуқароларини таъқиб қилишда айбдор деб топганди. Улар сиртдан 3,5 йилдан 15 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Live
Барчаси