Путиндан сўнг навбат Лукашенкога: унинг “Олтин кони” ҳақида фильм ишланди
Олам
−
10 Март 2021
9831Аввалроқ, Беларусь Президенти Александр Лукашенко “Мотовело” заводи жамоаси билан суҳбат чоғида мухолифат излаётган сарой онасининг қишлоқдаги кичик уйи эканини айтган эди.
Бироқ кеча, 9 март куни Беларусь мухолифатининг вакиллари Президент Александр Лукашенконинг бойлиги ҳақида тергов фильмини оммага эълон қилди ва у ерда бир эмас, бир қанча саройлар ҳақида сўз боради. “Олтин кони” деб номланган ушбу фильм “Нехта” YouTube каналига жойлаштирилган.
Фильмда Лукашенкога тегишли, деб иддао қилинаётган 18 та кўчмас мулк, автомобиллар, авиапарклар ва бошқа кўплаб қимматбаҳо буюмлар ҳақида сўз боради.
Ўша 18 та кўчмас мулк орасида Минскдаги Мустақиллик саройи, Витебск вилоятидаги “Крупенино” дам олиш маскани ва Брест вилоятидаги “Вискули” дала ҳовлиси ҳам бор. Фильмга кўра, юқорида санаб ўтилган турар жойларни сақлашга миллионлаб АҚШ доллари сарфланади. 2013 йили Мустақиллик саройининг очилиш маросимида Лукашенко ушбу мажмаунинг қурилишига бюджет маблағлари сарфланмаганини айтган.
Фильмда суратга тушган аноним (яширин – таҳр) гувоҳларнинг таъкидлашича, Мустақиллик саройида ҳаммом, сауна, сузиш ҳавзаси, қишки боғ, қурол-яроқ ҳамда шароб омбори ва вертолёт майдончаси мавжуд. Саройнинг умумий майдони 50 минг квадрат метрдан ортиқ бўлиши мумкин. 2020 йилнинг ёзида Беларусда бўлиб ўтган норозилик намойишлари пайтида Лукашенко айнан шу саройга вертолётда қўлида қурол билан учиб келган эди.
“Нехта” шунингдек, Лукашенкода баҳоси тўрт миллион еврога тенг бўлган олий тоифадаги автомобиллар тўплами борлигини даъво қилган. Хусусан, филмьда 100 минг еврога тенг бўлган иккита Audi автомобили, 1,5 миллион евролик Mercedes-Maybach, 170 минг еврога Rolls-Royce, 160 минг евролик Mercedes ва 100 минг евро турадиган Tesla санаб ўтилган. Қизиғи шундаки, 2019 йилда Лукашенко Tesla электромобилини унга компания Бош директори Илон Маск совға қилганини айтган эди. Бироқ Илон Маскнинг ўзи бу маълумотни тасдиқламаган. Фильмга кўра, ушбу қимматбаҳо автомобилларга техник хизмат кўрсатиш юз минглаб долларга тушади.
“Нехта”нинг ёзишича, Лукашенкода яна миллионлаб долларга тенг классик, тарихий автомобиллар тўплами ҳам мавжуд.
Маълумот ўрнида, “Нехта” Telegram канали ҳамда унинг асосчилари Степан Путило ва Роман Протасевич 2020 йилнинг ноябрь ойида Беларусь Давлат хавфсизлик қўмитаси томонидан террористик фаолиятга алоқадор ташкилот ва шахслар рўйхатига киритилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь ойида Россия Президенти Владимир Путин ҳақида ҳам суриштирув фильми оммага эълон қилинган эди. Ушбу фильм Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний раҳбарлигидаги Коррупцияга қарши кураш фонди томонидан суратга олинган.
LiveБарчаси