“Чуқур афсусдаман!” Путин Жириновскийнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Олам

image

Хабарингиз бор, бугун, 6 апрель куни Россия Либерал-демократик партияси раиси 75 ёшли Владимир Жириновский вафот этди. Мамлакат Президенти Владимир Путин Жириновскийнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.

“Мен Владимир Вольфович Жириновскийнинг вафотидан чуқур афсусдаман. Владимир Жириновский тажрибали сиёсатчи, мулоқотга очиқ ғайратли инсон, ёрқин нотиқ ва полемист эди”, дейилади телеграммада.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Россия Либерал-демократик партияси раҳбари Россия парламентаризми, ички қонунчилигини ривожлантириш учун кўп ишларни амалга оширган ва ҳар доим энг муҳим миллий муаммоларни ҳал қилишга ҳисса қўшишга интилган.

Путин Жириновский барча муҳокамаларда ватанпарварлик позициясини эгаллаб, Россия манфаатларини ҳимоя қилганини таъкидлади.

Россия Бош вазири Михаил Мишустин ҳам Владимир Жириновскийнинг оила аъзолари, дўстлари ва ҳамкасбларига чуқур ҳамдардлик билдирди .

“Владимир Вольфович Жириновскийни таниганларнинг барчаси уни серқирра шахс сифатида қадрларди, ҳалоллиги, қатъияти ва шахсий одоби ҳамда хайрихоҳлиги учун ҳурмат қилар эди. У бизнинг хотирамизда, қалбимизда сақланиб қолади”, дейди у.

Маълумот учун, Владимир Жириновский 6 апрель куни 75 ёшида узоқ давом этган касалликдан сўнг вафот этди .

Жорий йилнинг 25 март куни ҳам Жириновский вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Бироқ кейинроқ сиёсатчининг ўлими тасдиғини топмади.

Эслатиб ўтамиз, Владимир Жириновский жорий йилнинг 2 февраль куни коронавируснинг “omicron” штамми билан касалланганди. Орадан бироз ўтиб, унинг сунъий нафас олиш аппаратига улангани ва тиббий кома ҳолатига туширилгани айтилди.

ОАВ маълумотларига кўра, сиёсатчи ўпкасининг 70 фоизи зарар кўрган, бироқ кейинчалик унинг аҳволи яхшиланган. 

Қайд этиш керакки, охирги марта Жириновскийнинг аҳволи яхшилангани, у кўрсатмалар беришни бошлагани айтилганди.

Владимир Жириновский собиқ совет давлатларига алоқадор турли хил тутуриқсиз провокацион фикрлар билдириши билан одамларга яхши таниш. Кўплаб экспертлар уни “Кремлнинг оғзи” деб ҳисоблайди.

Сўнгги бор у Қозоғистонда январь ойида юз берган тартибсизликлар СССР таркибида бўлган барча республикаларда содир бўлишини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

201

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг