Путин Зеленский билан учрашмайдиган кўринади – Weekend

Таҳлил

Туркиянинг биринчи хоними Эмина Эрдўған АҚШ биринчи хоними Мелания Трампга Путинга йўллаган мактубини Ғазода геноцид уюштираётган Нетаньяхуга ҳам юборишни сўради.

Украинада демографик инқироз ўзининг энг дахшатли нуқтасига етди. Мамлакат аҳолиси Россия босқини арафасида 10 миллионга камайгани қайд этилди.

Кутилганидек, Украина музокараларни бошлашга рози бўлиб турганда, Россия буни ортга сурмоқда. Трамп эса Путин ихтиёрида узоғи билан икки ҳафта борлигини эслатди.

АҚШ трак ҳаёдовчиларига виза беришни тўхтатди. Дональд Трамп даврида энди шу мақсадда АҚШ визасини олиш имконсиз.

Ассалому алайкум! Тугаб бораётган ҳафта давомида дунёда содир бўлган муҳим воқеа-ҳодисалар тафсилоти билан QALAMPIR.UZ'нинг Weekend дастури.

Эмина Меланияга Ғазода ҳам болалар борлигини эслатди

Аляскада Дональд Трампнинг аёли Меланиянинг хатини Путинга етказганидан сўнг биринчи хонимлар орасида бир-бирига хат йўллаш урфга кирди. Хатлар, асосан,  АҚШ биринчи хоними Мелания Трамп манзилига бўлмоқда. Аммо уларнинг мазмуни турлича. Масалан, Олена Зеленская Оқ уйга жуда катта юк билан борган эрига Дональд Трамп орқали аёли Меланияга етказиб қўйилиши сўралган хатда словениялик собиқ фотомоделга ташаккурлар айтилган. Яъни Украина болаларининг тақдири ва урушни тўхтатиш ҳақида Путинга ёзган хати учун Зеленская Меланияга миннатдорлик билдирган. Шундан сўнг, АҚШ биринчи хонимига яна бир хат юборилди. Дунёдаги қудратли биринчи хонимлар сафида турувчи Эмина Эрдўғаннинг Меланияга ёзган хатида унинг болалар тақдири учун қайғурганига раҳмат айтиш билан бирга, аччиқ ҳақиқат ҳам қистириб ўтилди.

Эмина хоним Трампнинг рафиқаси Мелания Трампга йўллаган хатида ундан Ғазодаги гуманитар инқирозга ҳам худди Украинага бўлгани каби эътибор қаратишни сўради. Ўз мактубида Эмина Эрдўған Мелания Трампга ҳурматини билдириб, олти йил аввал Вашингтондаги Оқ уйда бўлиб ўтган самимий суҳбат ва илиқ кутиб олишни ҳануз эслаб қолганини таъкидлаган. Шундан сўнг Эмина Эрдўған асосий мақсадга ўтиб, Мелания Трампдан Украинадаги урушда ҳалок бўлган 648 бола учун кўрсатган эътиборини Ғазодаги вазиятга ҳам қаратишини сўраб, сўнгги икки йил ичида бу ерда 62 минг бегуноҳ тинч аҳоли, жумладан, 18 минг бола шафқатсизларча ўлдирилганини эслатган. У Ғазони “мисли кўрилмаган шафқатсизлик ва замонавий тарихнинг энг оғриқли геноцид саҳнаси” деб атаган.

“Сиз мактубингизда болаларнинг меҳр-муҳаббат ва хавфсизликда улғайиш ҳуқуқи умумий ва рад этиб бўлмайдиган қадрият эканини таъкидлагансиз. Бу ҳуқуқ на география, на ирқ, на этник келиб чиқиш, на диний гуруҳ, на идеологияга боғлиқ эмас. Бу ҳуқуқдан маҳрум қилинган мазлумларни қўллаб-қувватлаш эса, аввало, инсоният олдидаги улкан масъулиятдир. Сизнинг Украина уруши оқибатида вайрон бўлган ҳаётлар, ажралган оилалар ва етим қолган болаларга кўрсатган эътиборингиз қалбларга умид бахш этди. Ҳар 45 дақиқада бир бола ҳалок бўлаётган Ғазода БМТ Болалар жамғармаси ер устидаги маконни "дўзах", ер остидагисини эса “болалар қабристони” деб таърифламоқда. Урушларда номаълум аскар атамаси ишлатилгани каби, бир кун келиб бу ибора болаларга нисбатан ишлатилишини тасаввур қилармидингиз?” дея ёзган Эмина Эрдўған.

Эмина Эрдўған мактубида уруш руҳияти бутунлай эзган ва кулишни унутиб қўйган болалар ўлимни хоҳлашларини айтаётгани, уларнинг қалбларида эса чидаб бўлмас уруш оғирлиги акс этаётганини таъкидлаган. У Ғазо тарихида етим болаларнинг бевосита бошидан кечирган қўрқув ва изтироблари ўчмас из қолдирганини айтиб ўтган. 

У нафақат украиналик, балки фаластинлик болалар ҳам худди шундай қувонч, эркинлик ва муносиб келажак ҳуқуқига эга эканини қайд этган. Шу боис, сода қилиб айтганда, Туркия биринчи хоними АҚШ биринчи хонимига Путинга ёзган хатидан яна бир нусхасини Тель-Авивга, Исроил Бош вазирига ҳам жўнатишни тавсия қилган.

“Агар сиз Исроил Бош вазирига Ғазодаги гуманитар инқирозни тугатишга чақирувчи мактуб йўлласангиз, бу ниҳоятда муҳим қадам бўлади. Бугун дунё уйғониш даврини бошдан кечирмоқда, Фаластинни тан олиш умумий ирода сифатида шаклланмоқда. Мен ишонаманки, сизнинг Ғазо ҳимоясидаги мурожаатингиз ҳам фаластинлик халқ олдидаги тарихий масъулиятнинг ифодаси бўлади”, деган Туркиянинг биринчи хоними.

Шунингдек, Эмина Эрдўған Меланияни дунёдаги икки стандардликка қарши биргаликда курашишга чақирган. Туркия биринчи хоними халқаро ҳуқуқ меъёрлари ҳамда умуминсоний қадриятларни ҳимоя қилишда бирдамлик зарурлигини таъкидлаган. У Ғазо секторида 18 мингдан ортиқ бола ҳалок бўлгани, баъзиларига ҳатто юзлаб мартта ўқ узилгани, энди уларни ортга қайтариб бўлмаслигини тан олган, аммо ҳали ҳам вақт борлиги, ҳали ҳам жуда кўплаб болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкинлигини эслатган.

“Она, аёл ва инсон сифатида мен сизнинг мактубингиздаги ҳис-туйғуларингизни чуқур англайман ва сизнинг Ғазода тинчлик ва осойишталикни орзу қилаётган болаларга ҳам худди шундай умид бағишлашингизни истайман. Балки 18 минг 885 болани, жумладан, 335 марта ўққа тутилган олти ёшли Ҳинд Ражабни энди қайтариб бўлмас. Аммо бизда ҳали кўпроқ болаларни асраб қолиш имконияти бор”, дея ўз мактубини якунлаган Эмина Эрдўған.

 Украиналиклар йўқ бўлиб бормоқда

Украина чинакам демографик қишга учради. Мамлакат аҳолиси сонида кескин тушиш давом этаётгани яна бир бор рақамларда акс этди. 2022 йилда Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганидан 2024 йилнинг ўрталарига қадар Украина аҳолиси Киев назорати остидаги ҳудудда 40 миллиондан ортиқ кишидан 31,1 миллионгача қисқаргани қайт этилди. Бу эса 2,5 йил ичида Украина аҳолиси 10 миллионга камайган. “Frontliner” хабарига кўра, 1990 йилларда Украина мустақиллигини эълон қилганидан кейин унинг аҳолиси 50 миллион кишидан ошган. Аммо 30 йил ичида 10 миллионга камайган. Россия босқини оқибатида оммавий миграция, ўлим, туғилишнинг рекорд даражадаги пасайиши ва аҳолининг қариб бораётгани демографик қиш яъни мамлакат аҳолисининг ўсишдан тўхтатишини кучайтириб юборди. Бунинг оқибатида эса илгари 30 йил ичида 10 миллионлик пасайишга учраган Украина демографияси, сўнгги 2,5 йил ичида яна шунча миқдорда пастга қулаганини кўрсатади.

Журналистларнинг фикрича, аҳолининг камайишига асосий сабаб украиналикларнинг хорижга оммавий чиқиб кетиши бўлган. Ҳозирда 5 миллиондан ортиқ фуқаролар мамлакат ташқарисида, асосан, Европа мамлакатларида, жумладан, Польша, Германия, Чехия, Италия ва Испанияда истиқомат қилади. Урушнинг ҳар йили ўтган сайин муҳожирлар ватанига қайтиш истагида бўлганлар, айниқса, чақирув ёшидаги эркаклар камайиб бормоқда. Миллионлаб украиналиклар бошқа мамлакатларда ўз ҳаётларини қуришни афзал кўрмоқда. Россия босқини фонида энг кўп аҳоли камайиши мамлакатнинг фронтга яқин ҳудудлари яъни Донецк, Луганск, Херсон, Запороьже ва Харьков вилоятларида кузатилди. Жанг чизиғи яқинидаги аҳоли пунктларида асосан кекса одамлар қолаётгани айтилади.

Президент Зеленский эса анчадан буён айнан шу мақсадда, яъни Украина демографияси янада ёмон ҳолатга тушиб қолмаслиги учун мобилизацияга чақирув ёшини пасайтиришдан бош тортиб келади. У бу борада ўзининг эски Бош қўмондони Валерий Залужийга ҳам Европадаги ҳамкорларига ҳам қарши чиққани кўпчиликка маълум. У 2024 йилдагина 27 ёш деб белгиланган чегарани зўр-базўр 25 га туширди. Бундан ташқари 2024 йилда ҳукумат 2040 йилгача демографик ривожланиш стратегиясини тасдиқлаганди. Бироқ кузатувчиларнинг қайд этишича, ҳозирда туғилганлик учун тўловлар инфляция туфайли тезда қадрсизланяпти, инфратузилма лойиҳалари эса секин амалга оширилмоқда.

Энг ёмони шундаки, тахминларга кўра, 2041 йилга бориб Украина аҳолиси яна 10 миллионга камайиб, 30  миллионгача тушиши мумкин. Ўсиш эса фақат жанглар тугагач, қочқинлар қайтиб кела бошлаганда, кўпроқ болалар туғилганда ва Украинада муносиб яшаш шароитлари яратилганида кузатилиши мумкин. “Gallup” каби таҳлилий марказлар бўлса, украиналиклар орасида сўровнома ўтказиб, уларнинг аксарияти Россия билан урушни музокаралар орқали якунлаш тарафдори эканини қайд қилмоқда. Эътибор бериб қарасак, Зеленский ҳам шу каби барча муаммоларни ҳисобга олиб Путин билан ҳеч қандай дастлабки шартларсиз учрашишга рози бўлганди. У ҳатто бу учун оташкесимни ҳам талаб қилмади. Украина Президенти Россия босқини давом этаётган, Украина шаҳарлари бомбаланаётган бир пайтда ҳам Россия еткачиси билан учрашишга тайёрлигини билдирди. Аммо асоссиз ва ультиматум кўринишидаги шартлар ким томонидан қўйилаётгани аниқ равшан. Айнан шу сабабдан ҳам Зеленский ва Путин учрашуви ортга сурилмоқда. Бу ҳақда эса алоҳида мавзу…

Россия яна пайсалга солмоқда

Украина ва Россия етакчилари ўртасида ўтказилиши керак бўлган музокаралар энди ростманасига катта сўроқ остида қолди. Оқ уй ушбу жараёнга тайёргарликни бошлагани кўп нарсани англатмаслиги мумкин. Чунки Россия кутилганидек яна империалистик тафаккур кўрсатишни бошлади. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Путин билан учрашга рози. Бироқ у ҳам баъзи эслатмаларни айтиб ўтди. Бу эслатма давлат сиёсати учун илоҳий тушунча бўлган ер масласида бўлди. Украина Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Сергей Кислица Зеленский ҳудудий масалаларни муҳокама қилишга тайёрлиги, аммо Украина раҳбари бу масалада мамлакат қонунчилиги ва жамоатчилик фикрига асосланишини маълум қилди. Шу билан бирга, Кислица Украина жамияти Россияга ер бериш эвазига тинчликка эришишни истамаётганини ҳам қўшимча қилди.

Шундай бўлишига қарамай, ҳудудий масала барибир муҳокама қилинади. Киев бундан қочаётгани йўқ. Зеленский буни Путин билан ўзаро гаплашиб олмоқчи. Лекин у ҳудудий масала деганда фақат фронт чиғида тўхташни назарда тутмоқда. Украина расмийлари босқинни бугунги фронт чизиқларида тўхтатилишини истамоқда, бироқ Россияга қолдириладиган ерни ҳеч қачон тан олмасликларини айтяпти. Зеленский ўзи яна бир бор 20 август куни Россия томонидан эгалланган ҳудудлар Украина томонидан қонуний тарзда тан олмаслигини маълум қилди. Зеленский ҳудудий масалалар бўйича музокаралар фақат Россиянинг талаб ва шартлари аниқ бўлгандан кейин муҳокама қилиниши мумкинлигини айтган, бироқ Украина ўз ерларининг босиб олинишига ҳеч қачон рози бўлмаслигини таъкидлаган. Зеленский Донбасс масаласига ҳам тўхталиб, Россиянинг минтақани тўлиқ эгаллаши учун камида тўрт йил керак бўлишини айтган. Унга кўра, тўрт йил давомида Россия фақат Донецк вилоятининг учдан бир қисмини босиб олган ва Донбассни тўлиқ эгаллаш ҳақидаги гаплар ҳақиқатга тўғри келмайди. Зеленский, шунингдек, Россиянинг урушни тўхтатиш эвазига Украина ҳудудларини топшириш ҳақидаги таклифини “ҳавойи гап” деб атаб, бу Путин урушни тугатишни истамаётганидан далолат беришини айтган.

Россиянинг позицияси эса аниқ. Кремль Украинага Зеленский айтганидек, сон-саноқсиз ва асоссиз шартлар қўйишда давом этмоқда. Масалан, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украинада рус тилини қонунийлаштиришдан тортиб, уни оккупацияга рози эмаслигигача бўлган ҳақли қаршилигига норозилик билдирди. Лавров Аляскадаги саммитда Россия айрим масалаларда "мослашувчанлик" кўрсатгани, бироқ Зеленский ҳаммасига "йўқ" деганини даъво қилмоқда. Унинг сўзларига кўра, Зеленский Украина НАТОга аъзо бўлишидан воз кечиш, ҳудудий масалаларни муҳокама қилиш ва рус тилидан фойдаланиш тақиқини бекор қилиш каби шартларни рад этган. Москва эса ўз-ўзидан айнан шу каби баҳоналар билан Зеленский ва Путиннинг эҳтимолий учрашувини сунъий тарзда ортга сурмоқда. Оқ уйда ўтган АҚШ, Украина ва Европа лидерларининг умумий учрашувида Трамп томонидан жуда илиқ сўзлар билан мақталган Финландия Президенти Александр Стубб эса Путин бу иши билан Трампнинг сабр-косасини тўлдириётгани ҳақида огоҳлантирди.

Трамп Путинга: "Тезроқ ҳаракат қил!"

Владимир Путиннинг музокараларга бўлган бундай ёндашуви Дональд Трампни жиғибийрон қилаётгани аниқ. Шунинг учун Россия етакчиси Зеленский билан учрашишни ва босқинни тўхтатишни ортга суриши билан бирга бир вақтнинг ўзида Трампни ҳам тинимсиз мақташ орқали вазиятни юмашатишга уринмоқда. У Иккинчи жаҳон урушидан сўнг, Россия ва АҚШ муносабатлари жуда паст даражага тушиб кетгани, аммо Трамп ҳокимият тепасига келиши билан “туннель охирида ёруғлик” кўринганини такидлади. Россия раҳбарининг сўзларига кўра, Аляскадаги саммитдан кейин Россия ва АҚШ алоқалари вазирликлар, идоралар ва икки мамлакат компаниялари даражасида давом этмоқда. Путин шу гап орасида урушни тугатиш фақат Россияга боғлиқ эмаслигини ҳам қўшимча қилган.

АҚШ Президенти Дональд Трамп эса Оқ уйда келаси йил АҚШда ўтказиладиган футбол бўйича Жаҳон чемпионатига бағишланган тадбирда Путинга масалани ҳал қилиш учун бир неча ҳафта муҳлат берганини маълум қилди. Трамп бу борадаги жараёнлардан норозилигини билдириб, Россия Президентини тезроқ ва аниқроқ ҳаракат қилишга чақирди. У Путинга берилган муддатга аниқлик киритиб, бу фақат бир ёки икки ҳафтагача чўзилишини айтди. Доналд Трамп шу муддат ичида Россия–Украина музокаралари бўлиб ўтиши ёки ўтмаслигини диққат билан кузатишини, шундан кейингина натижага қараб тегишли қарор қабул қилишини билдирди. Трампнинг бу борадаги эҳтимолий қарори эса янада қизиқ. У агар Россия музокараларга киришдан бош тортса, унга нисбатан қўшимча тарифлар ва қаттиқ санкцияларн жорий қилиши ёки умуман ҳеч қандай чора қўлламаслигини айтди.

“Шунда мен биз нима қилишимизни ҳал қиламан. Аслида, бу жуда муҳим қарор бўлади. Яъни – бу қаттиқ санкциялар (Россияга нисбатан), қаттиқ тарифлар ёки иккаласи биргаликда бўлиши мумкин. Ёки биз умуман ҳеч нарса қилмаймиз ва шунчаки: “Бу – сизнинг урушингиз”, деймиз”, деди у.

АҚШга энди четдан тракчи керак эмас

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда АҚШга бориб трак ҳайдаш орқали пул топиш мақсадида юрганлар жуда кўпчиликни ташкил қилади. АҚШга кетиш дардида юрганларнинг аксариятининг тилида фақат битта гап: "Бориб олай, 2-3 кунда трак ҳайдашга чиқиб кетаман." Бу ишнинг машаққати ва масулияти ўша ердаги ўзбек тракчилари томонидан ижтимоий тармоқларда қанчалик айтилмасин, Ўзбекистонда АҚШга бориб, трак ҳайдаш орзусида юрганлар камайгани йўқ. Аммо энди Қўшма Штатлар бунга расман чеклов қўйди. АҚШ Давлат котиби  Марко Рубио ўзининг Х даги саҳифасида  АҚШ тижорат юк машиналари ҳайдовчилари учун ишчи визаларини беришни тўхтатгани ва мазкур ўзгариш дарҳол кучга кирганини маълум қилди. Рубио буни хорижлик ҳайдовчилар сони кўпайиб йўллардаги хавфсизликка ҳамда америкаликларнинг иш ўрнига зарар бераётгани билан изоҳлади. Маълум бўлишича, бу қарор барча мамлакат ва миллатларга тааллуқли бўлиб, муайян бир давлатга қаратилмаган.

Умуман олганда, АҚШда сўнгги кунларда виза билан боғлиқ масалалар кучайтирилгани ҳақида хабарлар кўпайганди. Масалан, 21 август куни AP (Associated Press) нашри АҚШ Давлат департаменти 55 миллиондан ортиқ чет элликларнинг маълумотларини текширишни бошлагани ҳақида хабар берди. Қайд этилишича, улар турли тоифадаги виза эгалари бўлиб, мазкур муҳожирларнинг ҳаракатларида қонунбузарлик аниқланса, уларнинг визалари бекор қилинади ва мамлакатдан чиқариб юборилади. Барча виза эгалари “доимий текширувдан” ўтказилади. Бу жараён ҳужжатнинг амал қилиш муддати тугаши, жиноий фаолияти, жамоат хавфсизлигига таҳдид, террорчилик фаолиятида иштирок ёки террорчилик ташкилотларини қўллаб-қувватлаш каби “талабларга мос келмаслик аломатларини” аниқлашга қаратилган.

Бордию, шундай белгилар топилса, виза бекор қилинади, агар унинг эгаси АҚШ ҳудудида бўлса депортация қилинади. Давлат департаменти текширувда “мавжуд барча маълумотлардан” фойдаланишини, жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, иммиграция хизматлари базалари ҳамда муҳожирларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳам назоратда эканини очиқлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Европа Владимир Путин Дональд Трамп Украина Эмина Эрдўған Зеленский Мелания Трамп Финландия демография Нетаньяху Ғазо Олена Зеленская Александр Стубб трак ҳаёдовчилар Валерий Залужий НАТОг

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг