Путин ядровий қуролни синовдан ўтказишга тайёрланишни буюрди

Олам

image

Бугун, 5 ноябрь куни Россия Преизденти Владимир Путин Хавфсизлик кенгаши йиғилишида мамлакатни эҳтимолий ядро қуроли синовларига тайёрлаш бўйича ишларни бошлаш учун таклифлар тайёрлашни буюрди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, йиғилиш давомида АҚШнинг ядро қуроллари синовларини қайта бошлаш нияти муҳокама қилинган. Россия Президенти эса агар АҚШ ядро синовларини ўтказса, Россия “мос ва адекват жавоб чоралари”ни кўриши кераклигини айтган.

“Россия ҳар доим Ядро синовларини тўлиқ тақиқлаш тўғрисидаги шартнома мажбуриятларига қатъий амал қилиб келган ва бу мажбуриятлардан чекиниш режалари йўқ. Шу билан бирга, мен 2023 йилда айтганимдек, агар АҚШ ёки бошқа давлатлар бундай синовларни ўтказса, Россия ҳам мос равишда адекват жавоб чораларини кўриши керак бўлади.

Мен Ташқи ишлар вазирлигига, Мудофаа вазирлигига, махсус хизматларга ва тегишли фуқаролик идораларига бу масала бўйича қўшимча маълумот тўплашни, уни Хавфсизлик кенгаши даражасида таҳлил қилишни ва ядро қуроли синовларига тайёргарлик ишларини бошлаш эҳтимолини ўрганиш бўйича таклифлар киритишни топшираман”, дейди Путин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Minuteman III туридаги, ядро каллаги ўрнатилиши мумкин бўлган қитъалараро баллистик ракетани синовдан ўтказганини эълон қилганди . Ундан олдинроқ эса АҚШ Президенти Доналд Трамп Мудофаа вазирлигига “бошқа давлатлар билан тенг шароитда” ядро қуроллари синовларини бошлашни буюрган эди.

Трампнинг бу баёнотига Хитой Ташқи ишлар вазирлиги, Россия Президенти матбуот хизмати ва БМТ жавоб қайтарган. Шу билан бирга, АҚШ Энергетика вазирлиги ҳозирча ядро қуроли синовлари атом портлашлари билан ўтказилмаслигини билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин ядровий қурол

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг