Путин ва Зеленский тез орада учрашиши мумкин – Трамп (видео)
Олам
−
08 июл 2507 2 дақиқа
Бугун, 8 июль куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Анқарада бўлиб ўтаётган НАТО саммити доирасида Украина етакчиси Владимир Зеленский билан учрашув ўтказди ҳамда Украина ва Россия ўртасидаги низо ва уни якунлаш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан бир қатор баёнотлар берди.
Хусусан, Дональд Трамп Украинадаги низони тугатиш “осон вазифа эмас”лигини, чунки ҳар икки давлат раҳбарлари “мураккаб шаҳслар” эканини айтган.
“Аммо ўйлайманки, охирги икки ҳафта ичида биз сезиларли даражада олдинга силжишга эришдик ва воқеалар ривожи қандай бўлишини кузатамиз”, дейди у.
Америка етакчисининг фикрича, Путин ҳам, Зеленский ҳам низонинг якунланишини хоҳлайди. У шунингдек, бугун Россия раҳбари билан телефон орқали боғланишни режалаштираётганини маълум қилган.
“Мен у (Путин) билан кўп гаплашаман. Ҳозир бироз камайган, лекин муносабатларимиз жуда яхши”, дейди Оқ уй раҳбари.
Зеленский билан учрашув давомида АҚШ Президентидан Украинага бориш масаласида ҳам савол берилган. У бунга ижобий жавоб берган.
“Мен буни уруш тугаганидан кейин қилишни афзал кўрган бўлардим”, дейди у.
Трампнинг сўзларига кўра, у “муносиб вақт келганда” Украинага ташриф буюришга тайёр. Шундан сўнг Трамп Зеленскийдан Москвага бориш нияти бор-йўқлигини сўраган.
“Бу мураккаб масала, у ерда Украина дронлари учиб юрибди. Бундай парвозлар хавфсиз эмас. Балки Европада бирор жой топармиз, учрашув учун бирор макон белгилармиз”, дея жавоб берган Украина етакчиси.
Шундан сўнг, Трамп Россия ва Украина Президентлари яқин орада учрашиши мумкинлигини ҳам баён қилган.
“Путин ва Зеленский учрашишади ва қандайдир ижобий янгилик юз беради. Мен бу яқин орада содир бўлади деб ўйлайман ва бунга умид қиламан”, дейди у журналистларга.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Анқарада бўлиб ўтаётган НАТО саммити доирасида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған расмий кутиб олиш маросимидан сўнг АҚШ Президенти Дональд Трамп билан ўзаро учрашув ўтказгани ва Путин ва Россия–Украина уруши ҳақида гапирганди.
Live
Барчаси