Путин ва Пезешкиён илк бор музокара ўтказди
Олам
−
11 Октябрь
5195Россия Президенти Владимир Путин ва Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён бугун, 11 октябрь куни Ашхободда музокара ўтказди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.
“Эрон Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ва BRICS’га тўлақонли аъзо бўлди. Сизни шу ойнинг 23-24 кунлари Қозон шаҳрида BRICS саммитида кутаман, у ерда ҳам икки томонлама учрашув ўтказиш режалаштирилган. Яна бир бор сиз билан учрашиш имконига эга бўлганимдан жуда хурсандман”, деган Путин.
Эрон Президенти Путиннинг Россияга расмий ташриф билан бориш таклифини миннатдорчилик билан қабул қилиб, ундан фойдаланишини айтди. Унинг айтишича, Теҳрон Қозондаги BRICS саммитида Москва билан кенг қамровли стратегик шериклик шартномасини имзолашга умид қилмоқда.
"Умид қиламанки, биз ушбу келишувни Россияда бўлиб ўтадиган BRICS саммити давомида тузамиз. Бошқа мамлакатлар билан солиштирганда, бизнинг позицияларимиз жуда ўхшаш", дейди у.
Шунингдек, Пезешкиён Эрон ва Россия ўртасидаги муносабатлар стратегик ва самимий бўлиб, икки томонлама ҳамкорлик кундан кун мустаҳкамланиб бораётганини айтди.
"Эрон ва Россия ўртасидаги муносабатлар стратегик ва самимийдир, бизнинг ҳамкорлигимиз иқтисодий ва маданий жиҳатдан кундан-кунга мустаҳкамланиб бормоқда", дейди Пезешкиён.
Унинг айтишича, Европа давлатлари ва Қўшма Штатлар Яқин Шарқ давлатлари ўртасидаги муносабатлар тинч муҳитда ривожланишини истамайди. Эрон Президентининг таъкидлашича, минтақадаги вазият Исроил “ҳеч қандай халқаро ҳуқуқий ва гуманитар базани” тан олмаслиги сабабли кескинлашди.
Бу Путиннинг Пезешкиён билан Эрон Президенти лавозимига киришганидан бери биринчи учрашуви. Ашхободда буюк туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигига бағишланган “Замонлар ва цивилизациялар муносабатлари – тинчлик ва тараққиёт асоси” халқаро форуми доирасида бўлиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, 30 сентябрь куни Эрон Президенти Россия Бош вазири Михаил Мишустин билан музокаралар чоғида Эрон ва Россия мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни, айниқса, Ғарб санкцияларига қарши туриш масаласида янада мустаҳкамлаши мумкинлигини айтганди.