Путин ва Лукашенко хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги битимни имзолади
Олам
−
07 Декабрь
1575Россия Президенти Владимир Путин ва беларуслик Александр Лукашенко кеча, 6 декабрь куни Иттифоқ доирасида Россия ва Беларусь ўртасида хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги битимни имзолади. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.
Ҳужжатни имзолашдан олдин Путин, келишув мудофаа, Россия ва Беларусь суверенитети, мустақиллиги ва конституциявий тузумини ҳимоя қилиш, Иттифоқ давлати ҳудуди ва ташқи чегарасининг яхлитлиги ва дахлсизлигини таъминлаш бўйича ўзаро мажбуриятларни белгилаб беришини айтди.
Путиннинг сўзларига кўра, бу муаммоларни ҳал қилиш учун “барча мавжуд куч ва воситалар”дан фойдаланиш мумкин. Лукашенко эса келишув икки давлат фуқаролари учун тинч ҳаёт кафолатларини яратишини қайд этди.
Шартномани имзолаш маросими Минскда бўлиб ўтган Иттифоқ давлати Олий Давлат кенгаши йиғилишидан сўнг бўлиб ўтди. Владимир Путин Беларусь пойтахтига 6 декабрь куни тушдан кейин келди.
2023 йилда Россия ўзининг тактик ядро қуролини Беларусда жойлаштирди. Беларусь Хавфсизлик Кенгаши Давлат котиби Александр Вольфович Иттифоқ Давлати Олий Давлат Кенгаши йиғилишидан олдин журналистларга энди Александр Лукашенконинг ҳам ўз “қизил тугмаси” ва ядро портфели борлигини айтди.
“Фақат Беларусь президенти Беларусь ҳудудида жойлашган қуроллардан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Ва фақат Россия Президенти Россия ҳудудида жойлашган қуроллардан фойдаланиш ва уларга буйруқ бериш ҳуқуқига эга”, деди у.
Ноябрь ойида Путин АҚШ Президенти Жо Байден Украина Қуролли кучларига АҚШнинг узоқ масофали ATACMS ракеталари ёрдамида Россия ҳудудига ҳужумлар уюштиришга рухсат берганидан кўп ўтмай, Россиянинг янгиланган ядровий доктринасини маъқуллади. Россия Федерациясининг янгиланган ядровий доктринаси ядровий зарба учун асос “ядровий давлат кўмагида ҳар қандай ядросиз давлат томонидан Россия Федерацияси ва унинг иттифоқчиларига тажовуз қилиш” бўлиши мумкинлигини кўрсатади.
LiveБарчаси