Путин ва Лукашенко икки давлат қўшилиши бўйича 28 та дастурни тасдиқлади

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин ва Беларусь Президенти Александр Лукашенко кеча, 9 сентябрь куни Кремлда музокара ўтказди. Учрашувда Россия ва Беларуснинг интеграциялашувига қаратилган 28 та ҳамкорлик дастури келишиб олинди. 

Таъкидланишича, жорий йил охиригача ҳамкорлик дастурлари Иттифоқ давлати Олий давлат кенгаши йиғилишида тасдиқланади. Путинга кўра, учрашув санаси ҳали аниқланмаган. 

“Биз умумий макроиқтисодий сиёсат олиб боришга, пул-кредит сиёсатини уйғунлаштиришга, тўлов тизимларини бирлаштиришга, ахборот хавфсизлигини таъминлашга, божхона ва солиқ соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга келишиб олдик. Барча билвосита солиқларни уйғунлаштириш учун ягона методологияни яратишга ва бу жараёнларни назорат қиладиган органни тузишга келишиб олдик. Бу ягона саноат сиёсатига ўтиш ва давлат харидлари ва давлат буюртмаларига ўтиш тўғрисида келишишга имкон берди”, деган Путин. 

Қайд этилишича, дастурларнинг матнлари ҳали чоп этилмаган. Лукашенко улар тез орада нашр этилишига ишонтирган. 

“Бу дастурларда Россия ва Беларусь халқлари учун ёмон нарса йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Ҳамма нарса одамларнинг фаровонлигини оширишга қаратилган”, деган у. 

Путин, ўз навбатида, келажакда Россия ва Беларусь иттифоқи парламенти ташкил этилишини истисно қилмаган. Аммо у, аввало, интеграциянинг “иқтисодий асосини” яратиш кераклигини қўшимча қилган. 

Маълумот ўрнида, Россия ва Беларусь расмийлари 1999 йилдан бери икки мамлакатнинг сиёсий интеграциясини муҳокама қилади. Ўз навбатида, Беларусь аҳолиси мамлакатнинг Россия билан интеграциясига қарши норозилик намойишлари ўтказган.


Мақола муаллифи

Теглар

Путин Лукашенко

Баҳолаганлар

511

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг