Путин ва Эрдўғаннинг 3 соат нимани гаплашгани сир сақланмоқда
Олам
−
05 Март 2020
7089Хабарингиз бор, бугун, 5 март куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Москвада ушрашдилар.
ОАВда мулоқотнинг бошланғич 5 дақиқаси ҳақида маълумот берилди, холос. Кейин барча ОАВ ходимлари учрашув залидан чиқарилиб, Президентлар ёпиқ эшиклар ортидан яккама-якка қолган.
Давлат раҳбарларининг музокаралари 3 соат давом этган. Айни вақтда учрашув делегация аъзолари билан давом этмоқда. Хўш, улар ўртасидаги суҳбат қайси мавзуларда борди, натижа қандай? Идлибдаги кейинги вазият қай йўсинда боради? Эрдўған айтганидек, айни вақтда бутун дунё нигоҳи Моксвадаги учрашувга қаратилган. Аммо, бу саволларга жавоб топилгани йўқ?
Путин ва Эрдўғаннинг учрашуви Кремлда Москва вақти билан соат 14: 06 да бошланди. Унинг асосий мавзуси Суриянинг Идлиб шаҳридаги кескин вазиятни барқарорлаштириш эди. Музокаралар бошланишидан олдин, Россия Президенти Эрдўған билан ҳозирги вазиятни муҳокама қилиш, бундай ҳолат яна такрорланмаслиги ва томонлар қадрлайдиган Россия-Туркия муносабатлари бузилмаслиги кераклигини айтди. Эрдўған музокаралар натижасида Идлибдаги вазият енгиллашишига ишонч билдирди.
Идлибда вазият Хайъат Таҳрир аш-Шом террорчилари 27 февраль куни Сурия армияси позицияларига кенг кўламли ҳужум уюштирганидан кейин кескинлашди. Сурия армияси бунга жавобан жангарилар жойлашган ҳудудларни ўққа тутган. Бунда эса асосий фигурант Россия бўлгани айтилмоқда. Сурия армиясининг жавоб зарбалари натижасида 34 нафар турк аскари ҳам ҳалок бўлди. 30 дан ортиғи жароҳатланди.
Бунга жавобан расмий Анқара Суриянинг шимоли-ғарбида "Баҳор қалқони" деб ном олган янги ҳарбий операцияни бошлади.