Путин “тизгиндан чиқаётган” Тўқаев билан учрашади

Олам

image

Эртага, 19 август куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Сочига ташриф буюради. Ташриф давомида Россия Президенти Владимир Путин билан учрашиб, музокара ўтказади. Бу ҳақда Кремль сайтида хабар берилди.

“Юқори даражадаги мунтазам мулоқотни давом эттиришда Россия-Қозоғистон стратегик шериклик ва ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш режалаштирилган”, дейилади хабарда.

Кремлнинг қўшимча қилишича, давлат раҳбарлари интеграция бирлашмалари, жумладан, Қозоғистон жорий йилда раислик қилаётган МДҲ доирасидаги икки томонлама ҳамкорлик масаласига ҳам тўхталиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, охирги марта Тўқаев Путин билан жорий йилнинг 17 июнь куни Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида учрашган эди. Форумда Тўқаев Донецк ва Луганск халқ республикаларини квази-давлат деб атаб,  Қозоғистон уларнинг мустақиллигини тан олмаслигини билдирганди.

Бундан ташқари, Қозоғистон Ғарбнинг айрим санкцияларини қўллаб-қувватлашга тайёрланаётган эди: июль ойи бошида Қозоғистон Молия вазирлиги санкция рўйхатига киритилган товарларни Россия ва Беларусга етказиб беришни тақиқловчи буйруқ лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди. 6 июль куни Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков буни изоҳлар экан, ҳозирча ҳеч қандай қарор йўқлигини ва “ҳукуматлар доимий алоқада” эканини айтди. Шундан кейин ҳужжатнинг қабул қилиниши ҳақида хабар берилмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Путин Тўқаев

Баҳолаганлар

355

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг